Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
“Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг аъзолари Омбудсманнинг 2021 йилдаги фаолиятини қандай баҳолади?
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

Омбудсман Феруза Эшматованинг маълум қилишича, ҳисобот даврида Вакил номига жами 18738 та мурожаат тушган. Уларнинг 16559 таси фуқаролардан, 2120 таси тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларидан бўлса, 59 таси хорижий давлатлардан келган. Бунда хотин-қизлардан тушган мурожаатлар 8054, эркаклардан 9859, жамоавий шаклда бўлган мурожаатлар эса 825 тани ташкил этди.

Мурожаатларнинг 1321 тасига ҳуқуқий маслаҳат ва тавсиялар берилди. 6160 таси давлат ҳокимияти ва тегишли идораларга юборилди. Парламент назорати субъекти сифатида 11257 та мурожаатни Омбудсман ўз иш юритувига олди. Уларнинг 2517 таси ижобий ҳал этилган. Такроран юборилган мурожаатлар 4655 тани ташкил қилди.

Вакиллик томонидан жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш ҳамда ижро интизоми талабларини бузган, масъулиятсизликка йўл қўйган 82 нафар ходимга “ҳайфсан”, 9 нафарга “жарима” чораси қўлланилган бўлса, 8 нафар ходим вазифасидан озод қилинди.

Ўз навбатида, Омбудсманнинг ўтган йилда таъсир чораларини қўллаши ва уларнинг самарадорлиги 2020 йилга нисбатан 2,4 баробарга ошди. Омбудсман томонидан 39 та қонун лойиҳаси ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг 141 та моддаларига таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Йиғилишда депутатлар Омбудсман фаолияти билан батафсил танишиб, унинг самарадорлигини янада ошириш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган ҳолда, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни маъқуллади.