Тадбирда қайд этилишича, Ўзбекистонда болаларни зўровонликдан, шу жумладан фавқулодда вазиятларнинг босимига бардош бера оладиган ва болаларни энг зарур бўлган вақтда етарли даражада ҳимоя қиладиган янада кучлироқ миллий ва маҳаллий тизим яратиш ўта зарур. Болаларни ҳимоя қилиш гуманитар ёрдам фаолиятининг барча соҳаларига интеграциялашган бўлиши керак ва фавқулодда вазиятларга тайёргарлик кўриш, уларга қарши чора кўриш ва қайта тиклаш ҳаракатларининг марказида болалар бўлиши керак.
Мазкур соҳадаги фаолият Сурхондарё вилоятида илк бор синовдан ўтказилади. Келгусида болалар ва оилаларга кўмак бериш учун 500 га яқин мутахассислар тайёрланади.
Қайд этиш лозимки, ишчи гуруҳнинг вазифаси Сурхондарё вилоятида болаларни, шу жумладан фавқулодда вазиятларда ҳимоя қилиш бўйича тармоқлараро стандарт операцион тартиб-қоидаларни (СОТҚ) ишлаб чиқишдан иборат.
Ишчи гуруҳ таркибига Бола ҳуқуқлари бўйича вакили, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Адлия вазирлиги, Миллий гвардия, Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис Маркази, Ёшлар ишлари агентлиги, «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази, «SOS – Ўзбекистон болалар маҳаллалари» уюшмаси ва ЮНИCEФ вакиллари киритилган.
Сурхондарё вилоятида болаларни, шу жумладан фавқулодда вазиятларда ҳимоя қилиш бўйича тармоқлараро стандарт операцион тартиб-қоидаларини ишлаб чиқиш бўйича якуний лойиҳаси жорий йилнинг март ойида Сурхондарё вилоятида ўтказилади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати