Мазкур масала дастлаб сиёсий партиялар фракциялари мажлисларида батафсил муҳокама қилинган эди. Муҳокамалар жараёнида фракция аъзолари томонидан Омбудсман фаолияти ижобий баҳоланиб, унинг фуқаролар мурожаатлари билан ишлашда депутатлар корпуси билан ҳамкорликни кучайтириш, жойларда сайёр қабулларни ташкил этиш ҳамда мурожаатларни кўриб чиқишда мутассади ташкилотлар вакилларининг эшитувларини ўтказишга оид таклифлари қабул қилингани билдирилди.
Мажлисда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Феруза Эшматова ҳисобот билан сўзга чиқди.
Ҳисобот йилида Омбудсман номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан жами 18738 та мурожаат келиб тушди. Ушбу кўрсаткич 2020 йилда 14975 тани ташкил этган.
Жумладан, фуқаролардан 16559 та, тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларидан 2120 та, хорижий давлатлардан 59 та мурожаат келиб тушди.
2021 йилда Омбудсман томонидан давлат органлари ва идораларига фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан 36 та хулоса,14 та тақдимнома ҳамда фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиб судларга 44 та даъво аризалари киритилди. Умумий ҳисобда Омбудсманнинг 2021 йилда таъсир чораларини қўллаши натижасида унинг самарадорлиги 2020 йилга нисбатан 2,4 баробарга ошди.
2021 йил давомида Омбудсман Котибияти ходимлари 108 маротаба судларда кузатувчи сифатида иштирок этди. Бу кўрсаткич 2020 йилда 32 маротабани ташкил этган.
Маълумотларга кўра, Мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида судларга 442 млн. сўм меҳнат ҳақини ундиришга қаратилган 43 та даъво аризаси киритилган 62 нафар фуқарога 787,8 млн. сўмлик меҳнат ҳақи тўланиши таъминланган 10 нафар фуқаро ишга тикланган. 5 нафар фуқаро иш жойида меҳнат қобилиятини йўқотганлиги учун соғлигига етказилган 9,2 млн. сўмлик зарар ундирилган, фуқароларга 148 млн. сўмлик кредитларни расмийлаштиришда кўмаклашилган.
Шунингдек, мурожаатчилар фойдасига суд қарорларида белгиланган 210,8 млн. сўмлик зарар ундирилган. Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан 14 та фуқарога уй-жой ажратилган. Тадбиркорларга 145 млн. сўмлик ортиқча тўланган солиқ тўловларини қайтариб беришда кўмак берилган.
2021 йилда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан мониторинг ташрифларини амалга ошириш тизимли равишда йўлга қўйилиб, 177 маротаба ушбу ташрифлар амалга оширилди. 2020 йилда эса мазкур ташрифлар 76 маротабани ташкил этган.
Мониторинг ташрифлари давомида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган жойларда ушлаб турилган ва сақланаётган 4,5 мингга яқин шахс билан жамоавий ва 758 нафар шахс билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилди.
Кенгайтирилган мажлис давомида Омбудсманнинг қонунчиликни такомиллаштириш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг очиқлик ва шаффофлиги юзасидан маълумотлар ҳам тақдим этилди.
Шундан сўнг Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ҳам 2021 йилги фаолияти бўйича ахбороти тингланди.
Унинг сўзларига кўра, 2021 йилда Болалар омбудсмани номига бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши тўғрисида жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларидан, болалар ҳамда улар қонуний вакиллари томонидан 182 та мурожаат келиб тушди. Ҳисобот даврида Болалар омбудсмани томонидан бола ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш юзасидан 123 та сўров давлат ташкилотларига юборилди.
Таъкидланганидек, Болалар омбудсмани томонидан бола ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан ёпиқ, шахслар ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган муассасаларда 31 та мониторинг ўтказилди. Мониторинглар 6 та ҳудудда Самарқанд, Навоий, Хоразм, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилиб, 600 га яқин фуқаролар билан учрашилган. 150 га яқин фуқаролар билан якка тартибда суҳбатлашилган.
Мажлисда Омбудсманнинг 2021 йилдаги фаолиятига доир ҳисобот таҳлилий кўриб чиқилди. Шундан сўнг муҳокамалар давомида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни маъқулладилар ва тегишли қарор қабул қилдилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати