Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
БМТ Қўмитаси 81-сессиясида Ўзбекистоннинг Олтинчи даврий ҳисоботи кўриб чиқилади
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш бўйича қўмитасининг 81-сессияси 2022 йил 7 февралда гибрид шаклда бошланди ва 25 февралгача давом этади. Сессияда 15-16 февраль кунлари Ўзбекистон Республикасининг Олтинчи даврий маърузаси кўриб чиқилади.

БМТ қўмитаси сессиясида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси онлайн иштирок этмоқда.

БМТ қўмитаси сессияси ишида, шунингдек, Ўзбекистондаги бир қатор фуқаролик жамияти институтларининг фаоллари масофадан қатнашмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Конвенция қоидаларини амалга ошириш доирасида тайёрланган Олтинчи даврий ҳисобот 2016 йилдан – ҳозирги кунгача бўлган даврни ўз ичига олган. Ушбу маърузани тайёрлашда 30 дан ортиқ давлат органи ва 20 дан зиёд фуқаролик жамияти институти иштирок этган.

Олтинчи даврий ҳисоботда Конвенция қоидаларининг моддама-модда амалга оширилиши, Ўзбекистон қонунчилигига мазкур йўналишда киритилган сўнгги ўзгаришлар, хотин-қизларнинг мавқеини юксалтириш борасида эришилган ютуқлар ҳақида батафсил маълумот берилган. Хусусан:

  • хотин-қизларни камситмаслик соҳасидаги давлат сиёсатининг амалга оширилиши;
  • Ўзбекистон ҳукумати томонидан хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини кучайтириш;
  • эркаклар ва аёллар ўртасида амалда тенгликни ўрнатишни жадаллаштириш;
  • хотин-қизларга нисбатан жамиятдаги нотўғри қарашларга барҳам бериш;
  • хотин-қизлар савдосининг барча шаклларига ва хотин-қизлардан фоҳиша сифатида фойдаланишга чек қўйиш;
  • никоҳга оид масалалар ва оилавий муносабатларда, сиёсий фаолият ва жамият ҳаётида, таълим, бандлик, соғлиқни сақлаш, ижтимоий-иқтисодий, халқаро ҳамкорлик соҳаларида хотин-қизларни камситишга йўл қўймаслик борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги маълумотлар қамраб олинган.

БМТ Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш бўйича қўмитасининг 81-сессиясида Габон, Панама, Сенегал, Уганда, Домникан Республикаси ва Ливан давлатларининг бу борадаги даврий маърузалари ҳам муҳокама қилинади.

Маълумот учун: Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1979 йил 18 декабрда қабул қилинган. Ўзбекистон ушбу Конвенцияга 1995 йил 6 майда қўшилган.

Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш бўйича қўмита – БМТнинг шартномавий органидир. У Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция қоидалари бажарилишини мониторинг қилиш билан шуғулланади. Бугунги кунда 18 нафар мустақил эксперт мазкур Қўмитанинг аъзоси ҳисобланади.

БМТ қўмитаси сессиясидан мақсад – Конвенция қоидалари бажарилишини таъминлаш борасида эришилган натижаларни муҳокама қилишдир. Сессия якунида даврий ҳисоботни кўриб чиқиш якунлари юзасидан тегишли давлатларга таклиф ва тавсиялар тақдим этилади.

Манба: parliament.gov.uz