Маҳаллий ва хорижий экспертлар очиқ мунозара шаклида жамиятни демократлаштириш, ислоҳотлар жараёнига фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларини жалб қилишнинг замонавий тенденциялари, инсон ҳуқуқларини илгари суришнинг илғор тажрибалари, фуқаролик жамиятини замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда барча ислоҳотлар марказида инсон, унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари туради. Илгари амал қилиб келган “давлат–жамият–инсон” тамойили янги “инсон–жамият–давлат” тамойилига ўзгартирилди. Халқпарвар давлат барпо этишнинг энг муҳим шарти сифатида иқтисодий ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатларини таъминлаш бош мезонга айланди.“Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган ғоя доирасида эса фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлаш белгиланди.
Тошкент халқаро мунозара клубининг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга бағишланган сессиясида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар Омбудсманнинг инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган фаолиятини янада кучайтиришга шароит яратганига тўхталди. Унинг сўзларига кўра, 2019 йилда Омбудсман ҳузурида ташкил этилган Қийноқларнинг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм доирасида шу кунга қадар ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга жамоатчилик вакиллари билан биргаликда 350га яқин мониторинг ташрифлари амалга оширилган. Ўрганиш тадбирларида Омбудсман ҳузуридаги Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия аъзолари фаол иштирок этишган. Ушбу комиссия аъзолари таркибида қатор фаол нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари жамланган.
Мониторингларда муассасаларда сақланаётган шахсларнинг яшаш шароитлари, озиқ-овқат билан таъминланиши, керакли тиббий хизмат кўрсатилиши, рухий ёки жисмоний босимларнинг мавжуд ва мавжуд эмаслиги ўрганилмокда. Ушбу мониторингларда аниқланган камчиликлар бўйича масъул ташкилотларга бартараф этиш ва чоралар кўриш бўйича тавсиялар берилмоқда. Қувонарли томони ушбу тавсиялар инобатга олинмоқда ва сўнгги йилларда пенитенциар муассасалардаги шароитлар халқаро стандартлар даражасига етказилмоқда.
Шунингдек Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсман инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга оид қатор таклиф ва тавсияларини ҳам билдириб ўтди.
Эркин мулоқот шаклида ўтказилган мунозара майдонида сўз олган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Ҳуқуқий таянч» жамоат бирлашмаси раҳбари Аъзам Фармонов жазони ижро этиш муассасаларига амалга оширилган мониторингларда шахсан иштирок этганини билдирди. Унинг таъкидлашича Омбудсман бошчилигида ўтказилаётган ушбу ўрганиш ишлари халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистондаги қийноқлар масаласидаги фикрини ижобий томонга ўзгаришига хизмат қилмоқда. Юқоридагиларни эътиборга олиб давлат органлари ва фуқаролик жамияти ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш мақсадга мувофиқ.
Экспертларнинг эътироф этишича, Ўзбекистоннинг сиёсий қиёфаси янгиланиши билан бирга, одамларнинг ҳам, фуқаролик жамиятининг ҳам дунёқараши ўзгармоқда. 2016 йилдан буён Шавкат Мирзиёев халқ билан самарали мулоқот қилиш, мансабдор шахсларнинг жамият олдидаги очиқлиги ва масъулиятини давлат аппарати фаолиятининг муҳим шартлари сифатида белгилаб берди. Бугун улар мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим, айниқса, аҳолини қизиқтирган масалалар бўйича қарорлар қабул қилишда жамоатчилик билан маслаҳатлашмоқда.
Тадбир “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети билан ҳамкорликда Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси кўмагида ўтказилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати