Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманнинг Хоразм вилоятидаги минтақавий вакили 11-сон тергов ҳибсхонасида сақланаётган шахсларга яратилган шарт-шароитлар билан танишди  
Жорий йилнинг 25 февраль куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Хоразм вилоятидаги минтақавий вакили Одилбек Оллоёров вилоятнинг Урганч шаҳридаги 11-сонли Тергов ҳибсхонасида сақланаётган шахслар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишиш ҳамда ушбу ҳибсхонада сақланаётган шахслардан келиб тушган мурожаатларни ўрганиш мақсадида ҳибсхонага мониторинг ташрифини амалга оширди.

Мониторинг ташрифи давомида ҳибсхонада сақланаётган шахслар учун тиббий хизмат кўрсатиш, дори-дармон воситалари таъминоти ҳамда озиқ-овқат сифати ва белгиланган меъёрларга амал қилинаётганлиги ўрганилди, бу борада салбий ҳолатлар аниқланмади. Шу билан бирга, ташриф давомида санитария ва гигиена қоидаларига риоя этилаётганлигини кўриш мақсадида айбланувчи ва судланувчиларни сақлаш хоналари кўздан кечирилди.

Шундан сўнг, ҳибсхонада сақланаётган шахслар билан жамоавий суҳбатлар ўтказилиб, сақланаётган шахсларнинг шикоятлари ва таклифлари тингланди. Сақлаш шароитлари юзасидан шикоятлар келиб тушмади. Шунингдек, суҳбат давомида маҳкум ва маҳбуслар яратилган шарт-шароитлардан ва ходимларнинг муомаласидан мамнунликларини билдиришди.

Жамоавий суҳбатдан сўнг минтақавий вакил билан ҳоли учрашишни сўраган шахслар билан қабуллар ташкил қилинди. Улардан бири Жиззах вилояти Зомин туманида доимий рўйхатда туришини айтди ва тергов ҳаракатларидан норозилигини билдирди. Унинг мурожаати қабул қилиниб, қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқишлик учун ижрога олинди.

Шунингдек, қабул давомида маҳбуслардан апелляция суди мажлисларида минтақавий вакилнинг кузатувчи сифатида иштирок этишида амалий ёрдам кўрсатилиши бўйича кўплаб илтимослар келиб тушди. Ушбу мурожаатлар ҳам ижро учун қабул қилиб олинди.

Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга ошириладиган мониторинг ташрифлари давом эттирилади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) Ахборот хизмати