Мазкур ислоҳотлар натижасида, 2022 йилнинг 12 май куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ҳамда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова бошчилигидаги делегация Туркия Республикасининг Бурса шаҳрида ташкил этилган Туркий тилли давлатлар Омбудсманлари ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар Ассоциациясини тузиш бўйича таъсис Кенгашида иштирок этишди.
Йиғилишда иштирокчилар томонидан туркий тилли давлатлар ўртасидаги алоқалар ҳар соҳада ривожланиб бораётган бир пайтда улар ўртасида инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ҳамкорлигини ҳам янги босқичга олиб чиқилиши қардош халқлар манфаатларига хизмат қилиши таъкидланди. Шунингдек, бу тузилма, ўзаро тажриба алмашиш, малака ошириш, илғор хорижий тажрибаларни ўзлаштиришда платформа вазифасини бажариши ҳам қайд этилди.
Муҳокамалардан сўнг, Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон Омбудсманлари ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Туркий тилли давлатлар Омбудсманлари ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий институтлар Ассоциациясини ташкил этиш бўйича меморандум имзоланди.
Мазкур Ассоциацияга асос солиниши бу тарихий қарор бўлиб, у туркий тилли давлатларнинг ҳамжиҳатлиги ва изчил тараққиётига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати