Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманнинг Жиззахдаги минтақавий вакили Маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган Махсус қабулхона шароитларини ўрганди
2022 йил 19 май куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Жиззах вилоятидаги минтақавий вакили Ўткир Жўраев Жиззах вилоят Ички ишлар бошқармасининг Маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган Махсус қабулхонасига мониторинг ташрифини амалга оширди.

Маълум бўлишича, Махсус қабулхонанинг сиғими 60 нафар шахсга мўлжалланган бўлиб, ташриф куни камераларда 52 нафар маъмурий қамоққа олинган шахслар сақланаётганлиги, шундан 50 нафари эркак, 2 нафари аёллар.

Маъмурий қамоққа олинганлар Махсус қабулхонага қабул қилиш чоғида тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда қамоққа олинган шахслар ҳақида маълумот унинг қариндошларига телефон орқали дарҳол хабар қилиш йўлга қўйилган.

Маъмурий қамоққа олинган эркакларни Махсус қабулхонанинг эркак тиббий хизмат ходимлари томонидан, Махсус қабулхонада аёл ходимлар хизмат олиб бормаганлиги боис, аёлларни эса РШТЁИМ Жиззах вилояти филиалининг аёл ходимлари таклиф қилиниб санитария ишловидан ва шахсий кўрикдан ўтказилади.

Махсус қабулхонада маъмурий қамоққа олинган шахслар билан адвокатлар учрашуви учун битта хона мавжуд бўлиб, стол-стуллар билан жиҳозланган. Ушбу хонага овоз ёзиб олувчи видеокузатув мосламаси ўрнатилган. Шунингдек, мазкур хонада маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг яқин қариндошлари билан ҳам учрашув ўтказилади. Ташриф давомида, маъмурий қамоққа олинган шахслар билан адвокатлар учрашуви учун ажратилган хонадан видеокузатув мосламасини олиб ташлаш ва амалдаги қонунчиликка мувофиқ қайта жиҳозлаш тавсия этилди. Шу билан бир қаторда, маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг яқин қариндошлари билан ҳам учрашув ўтказиш учун ҳам алоҳида хона ажратиш лозимлиги Махсус қабулхона маъмуриятига тушунтирилди.

Махсус қабулхонада биринчи тиббий ёрдам учун 61 турдаги дори-дармонлар ва тиббий буюмлар мавжуд. Барчасини яроқлилик муддати ўтмаган. Қабулхонанинг ҳар бир камерасида ҳожатхоналар ва ювиниш учун санузеллар мавжуд бўлиб, санитария-гигиена ишловлари ўтказиб борилган. Шунингдек, алоҳида чўмилиш хонаси ҳам мавжуд.

Махсус қабулхонада жазо муддатини ўтаётган шахслар “WORLD FRUITS” МЧЖ билан тузилган шартномага асосан, ёзма розилиги олинган ҳолда меҳнатга жалб этилади. Шартномада ҳар бир шахс учун бир кунлик иш ҳақи 50 минг 500 сўм қилиб белгиланган.

Ташриф давомида Махсус қабулхонада сақланаётган аёллар билан, шунингдек “Маъмурий қамоққа олинган шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш” китобида танасида тан жароҳатлари қайд этилган шахслар билан ички ишлар органи ходимларининг иштирокисиз ҳоли суҳбат ўтказилди, суҳбат давомида улар тан жароҳатларини ўзлари йиқилиб олганликларини маълум қилишди.

Шу куни Махсус қабулхона ходимларига “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги ва “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги Қонунлари юзасидан тарғибот тадбири ўтказилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати