Шунга кўра, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Котибияти масъул ходимлари, Омбудсман ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳи ҳамда Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили иштирокида Миллий превентив механизм доирасида ушбу вилоятидаги 4, 5, 11, 12-сон Жазони ижро этиш колониялари, 36-сон Манзил-колония, Навоий ва Зарафшон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи бошқармаларнинг Вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ҳамда Навоий вилояти Ички ишлар бошқармасининг Маъмурий қамоққа олинганларни сақлашга мўлжалланган махсус қабулхонасига мониторинг ташрифлари амалга оширилди.
Мониторинг ташрифи давомида, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган муассасаларнинг ётоқ жойлари, ошхоналар, ҳаммомлар, кутубхоналар, даволаш-профилактика ёрдам кўрсатиш бўлимлари, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари, ишлаб чиқариш объектлари ҳамда интизомий бўлимлардаги шароитлар кўриб чиқилди.
Шунингдек, муассасаларда ўрнатилган Омбудсман қутилари кўздан кечирилди ва мурожаатлар ижро учун қабул қилинди. Шунингдек, ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахслар билан якка тартибда учрашувлар ўтказилди. Учрашувларда сақлаш шарт-шароитлари ва қийноққа солиш ҳолатлари юзасидан шикоятлар келиб тушмади. Шикоятларнинг аксарият қисми, тайинланган жазо енгиллаштирилишида, жазо муддатини ўташи давомида содир қилган интизом бузарлиги учун қўлланилган интизомий жазоларни муддатидан олдин олиб ташлашда ҳамда оиласига моддий ёрдам ажратилишида ва оилавий шароитини инобатга олиб, яшаш ҳудудига яқин жойдаги колониялардан бирига ўтказиш масаласида бўлди.
Маҳкумларнинг овқатланиш шароити ўрганилганда, озиқ-овқат таъминоти Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган меъёрлар талаблари асосида берилаётганлиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг сақланиши санитария-гигиена қоидаларига амал қилинган ҳолда эканлиги аниқланди. Ювиниш хоналари ва Даволаш-профилактик ёрдам кўрсатиш бўлимларидаги дори-дармон таъминоти кўздан кечирилганда камчиликлар аниқланмади.
Ўрганиш якунларига кўра, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган муассасалардаги шарт-шароитларни халқаро меъёрий ҳужжатлар ва мамлакатимиздаги амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқлаштириш юзасидан тегишли муассаса раҳбарларига зарурий тавсиялар берилди.
Ташриф давомида амалга оширилган сайёр қабулдаги мурожаатлар Омбудсман Котибияти масъул ходимлари томонидан мутасадди вазирлик ва муассасалар билан ҳамкорликда ўрганиб чиқилмоқда ҳамда ушбу мурожаатларни кўриб чиқиш якунлари юзасидан қўшимча маълум қилинади.
Қайд этиш жоизки, Миллий превентив механизм жорий этилишини белгиловчи халқаро ва миллий қонунчилик ҳужжатларига ҳамда юқоридаги Қарорга кўра, мониторинг ташрифларидан кўзланган асосий мақсад ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақлаш шарт-шароитларини ўрганиш ва шарт-шароитлар юзасидан ахборотларни жамоатчиликка эълон қилиб бориш деб белгиланган. Бунда, мониторинг ташрифида маълум бир шахсга оид маълумотларни ёритиш назарда тутилмайди, қолаверса, шахсга доир маълумотлар қонун билан ҳам ҳимоя қилинади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати