Ушбу мурожаат ўрганиш учун Омбудсманнинг Фарғона вилоятидаги минтақавий вакили Алишер Комиловга юборилди. Минтақавий вакил туман ҳокимлигининг тегишли мутахассислари, туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари жалб қилган холда мурожаатни ўрганди.
Аниқланишича, ҳақиқатдан ҳам фуқаро О.Н. 1-гуруҳ ногирони бўлиб, Шарко Марий касаллиги билан рўйхатда туради. У туман тиббиёт ходимлари томонидан такроран кўрикдан ўтказилганда, унда пай рефлекслари оёқларда сустлашгани, қувватсизлик ва ҳаракат чекланиши, пастки парапарез иккала тизза буғими артрити асоратлари мавжудлиги аниқланди. Беморга муолажалар қилиниб, тегишли тавсиялар берилди.
Шунингдек, мурожаатчи О.Н.нинг яшаш шароити яхшилиги, кам таъминланган оила сифатида рўйхатга олинмаганлиги, туман тиббиёт бирлашмаси томонидан берилган йўлланма асосида Тошкент шаҳрида даволаниб келганлиги аниқланди.
Унинг 1-гуруҳ ногирони бўлганлиги инобатга олиниб, «Аёллар дафтари»нинг 3-босқичига рўйхатга қўйилиши таъминланди, шунга кўра фуқарога бир марталик 1 млн 80 минг сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилади.
Ўзбекистон туман тиббиёт бирлашмасининг 2022 йил 7 июндаги буйруғи билан 1-гуруҳ ногирони О.Н.нинг аҳволидан ўз вақтида хабар олмаганлиги, тиббий кўрикдан ўтказмаганлиги ва тегишли муолажалар қилинмагани учун туман кўп тармоқли марказий поликлиникасининг 2 нафар масъул ходимларига «ҳайфсан» интизомий жазо чораси қўлланилди.
Шунингдек, Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсманнинг) Фарғона вилоятидаги минтақавий вакили А.Камиловга Фарғона шаҳар, Ал-Хоразмий кўчасида яшовчи 2-гуруҳ ногирони бўлган аёл К.Ю. ҳам мурожаат қилган. У ўз аризасида микроинсульт касаллигига чалинганлиги сабабли тўшакка михлангани, доимий равишда уйда тиббий муолажалар олаётганлиги сабабли моддий ёрдамга муҳтожлигини маълум қилган.
Мурожаатчининг маълум қилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 майдаги “Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини манзилли қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан унга бир марталик моддий ёрдам ажратилган. Минтақавий вакилнинг кўмагида мурожаатчига давлат томонидан ажратилган моддий ёрдам пули унинг яшаш жойига етказилиши таъминланди.
Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати