Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2021 йил 26 июндаги ПҚ–5163-сон Қарорида қийноқ ҳолатларининг олдини олиш юзасидан бир қатор вазифалар белгилаб берилган.
Қолаверса, юқорида қайд этилган Фармон билан жорий этилган Омбудсманнинг минтақавий вакилларига инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш ва уларни ҳимоя қилиш соҳасидаги ахборот-маърифий ишларни маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан биргаликда амалга ошириш асосий вазифа сифатида қайд этилган.
Қайд этилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 17 июнь куни Омбудсманнинг Жиззах вилояти бўйича минтақавий вакили Ўткир Жўраев Жиззах вилоят Ички ишлар бошқармаси ва унинг қуйи тизимларида хизмат қилувчи ходимлар ўртасида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан ҳуқуқий тарғибот йиғилишини ўтказди.
Ушбу ҳуқуқий тарғибот йиғилиши Жиззах вилоят Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти билан ҳамкорликда ташкил этилди ҳамда йиғилишда бевосита инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга масъул бўлган соҳавий хизмат раҳбар ва ходимлари, жумладан вилоятнинг ҳудудий ички ишлар органлари бошлиқларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосарлари, Вақтинча сақлаш ҳибсхоналари бошлиқлари, Махсус қабулхона бошлиғи ва ходимлари иштирок этди.
Ҳуқуқий тарғибот йиғилишида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, қийноқ ҳолатларининг олдини олиш, бу иллатга бутунлай барҳам бериш юзасидан мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шу билан бир қаторда “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмун-моҳияти етказилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати