Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Конституциявий ислоҳотлар: инсон қадри ва халқ манфаати олий ўринда
Конституция ўзида инсоннинг халқаро умумэътироф этилган асосий ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўзида жамлаган ва олий юридик мақомга эга ҳужжатдир.

Уни халқчил тилда тушунтирадиган бўлсак, Конституция инсонларга мамлакатида эркин яшаш, ўзини юрт ҳимоясида эканлигини ҳис қилишлари учун шароит яратади. Ушбу Конституция фуқароларга муайян ҳуқуқ ва ўз навбатида мажбуриятларни ҳам юклайди. Шу кунга қадар қабул қилинган қонун, қарор, фармон, кодекс ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг барчаси Конституцияга асосланади ва уни тўлдиради.

Шундай экан, Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар барчамиз учун ўта муҳим ва аҳамиятлидир. Қолаверса, ҳозирда ҳар бир фуқарога Ўзбекистон Республикаси Конституциясига таклиф бериш бўйича барча имкониятлар яратилган.

Ушбу жараёнда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) институти ҳам фаол иштирок этиб, аҳоли мурожаатлари асосида тайёрланган таклифларини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссиясига киритди.

Маълумки, инсон қадрини улуғлаш, ҳар кимнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишига айланди.

Ушбу жараёнда инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган янги нормалар, тартиб ва қоидалар ўзининг ижобий натижасини бериш билан бирга жамиятда ҳал этилиши керак бўлган масалаларни ҳам кўрсатди.

Бундан олдин Конституцияга киритилган нормалар асосан давлат бошқаруви ташкилотларига тааллуқли бўлган бўлса, эндиги ўзгаришлар инсон қадри ва ҳуқуқларининг таъминланишига қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Давлат раҳбари куни кеча Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан ўтказган учрашувида ҳам баъзи масалаларни илгари сурди. 

Бош қомусимиз лойиҳасини ишлаб чиқишда биринчи йўналиш сифатида “Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари масаласи” белгиланди.

Маълумки Омбудсман бошчилигидаги жамоатчилик гуруҳлари томонидан жазони ижро этиш муассасалари, тергов ҳибсхоналари ва бошқа ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга мониторинг ташрифлари амалга оширилиб, у ерда сақланувчиларга яратилган шарт-шароитлар, инсон қадр-қимматини камситувчи ҳамда қийноққа солиш ҳолатларининг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ўрганилади. Ҳаракатлар стратегияси доирасида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб йўлга қўйилган миллий превентив механизм доирасида олиб борилган мониторинг ташрифлари натижасида ёпиқ муассасалардаги шароитлар яхшиланиб, халқаро стандартлар даражасига етказилмоқда. Лекин, яна олдинда қилиниши керак бўлган ишларимиз кўп, режаларимиз ҳам. Шу нуқтаи назардан Давлат раҳбари томонидан “Озодликдан маҳрум этилган барча шахсларга нисбатан инсоний муносабат ва уларнинг қадр-қиммати таъминланиши шарт”, деган нормани Асосий қонунимизда акс эттириш бўйича таклифлари ғоят долзарб эканини қайд этмоқчиман.

Мамлакат Президенти томонидан таъкидланган “снос” масаласи бўйича ўтган йилда Омбудсманга ҳам кўплаб мурожаатлар келиб тушган эди. Шу каби ҳолатларни олдини олиш мақсадида хусусий мулк дахлсиз ва у давлат ҳимоясида эканлиги ва бу борада қонунчилигимизда белгиланган нормалар юзасидан эслатма шаклида муносабат берилганди.

Мазкур масала бўйича тегишли қонун-ҳужжатлари ишлаб чиқилган бўлишига қарамай, уй-жой бўйича конституциявий кафолатни белгилаб қўйиш мақсадга мувофиқ.

Чунки, ўз уйидан унинг қийматига мос равишда компенсация олмай туриб, фуқарони мажбурий кўчириш ёки уй-жойга ёки шахснинг бошқа мол-мулкига унинг рухсатисиз кириш инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилиши саналади.

Шунингдек, Омбудсман нафақат Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, балки чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг хусусий мулклари  дахлсиз эканлигига оид қўшимча киритиш тарафдори. Ушбу ўзгариш  Ўзбекистоннинг инвестицион жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.

Хабарингиз бор, 2020 йилнинг 15 октябрь куни мамлакат Президенти томонидан янги таҳрирдаги "Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги Қонун имзоланди. Мазкур қонун билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашнинг асосий принциплари белгилаб берилди. Шунингдек, тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари фаолияти янада такомиллаштирилди ва имконияти чекланган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини кафолатлашга оид қатор масалалар Қонун даражасида белгиланди.

2021 йилда кучга кирган мазкур қонун билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий объектларда ҳеч қандай тўсиқларсиз ҳаракат қилиши учун шарт-шароитларни яратиш белгиланган. Бундан буён ногиронлиги бўлган шахсларни ҳеч бир шаклда камситилишларига йўл қўймаслик учун ҳам, авваламбор, қулай муҳитни таъминлашнинг аниқ механизмларини жорий қилиш мақсадга мувофиқ. Шунинг учун Асосий қонунимизга ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар қандай ажратиб қўйиш, уларнинг ҳуқуқларини чеклаш, объектлар ва хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратишдан бош тортиш тақиқланишига оид норманинг киритилиши Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини тўлиқ кафолатлаш борасидаги позициясини янада мустаҳкамлайди.

Шунингдек Бош қомусимизда ҳомиладорлиги ёки ёш боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши ҳақидаги қоидани конституциявий даражада белгилаб қўйилиши ҳам мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб қувватланаётганининг амалий тасдиғи бўлади. Ҳақиқатдан ҳам ушбу муаммо билан кўплаб хотин-қизлар тўқнашадилар ва бу Омбудсманга юбориладиган мурожаатларда ҳам ўз аксини топган. Бу эса жамиятимизда эркак ва аёлларга тенг шароитлар яратиш кераклиги бўйича норманинг самарали ишлашига замин яратади. Шу жиҳатдан ҳам Омбудсман юқоридаги қоиданинг Конституциямизда акс этиши мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди. Бу билан хотин-қизларнинг ўзига ва давлатга бўлган ишончи янада ортади.

Давлат раҳбарининг 2021 йил 10 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида Омбудсманга қонунчилик ташаббуси ҳуқуқининг берилиши белгиланган эди. Чунки инсон ҳуқуқлари ҳимоясига оид энг самарали таклифлар айнан Омбудсманнинг мурожаатлар билан ишлаш бўйича кундалик амалиётида, одамлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари, суд ҳокимияти ва экспертлик ҳамжамияти билан бевосита ҳамкорлигида шаклланади. Бу борада ечимини кутаётган муаммолар ҳам айнан шу жараёнда юзага чиқади. Шу жиҳатдан Конституциямиздаги қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари қаторида Омбудсман институтининг ҳам бўлиши қонун ижодкорлиги жараёнининг янада такомиллаштирилишига хизмат қилади.

Зеро, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) институтининг ҳам асосий мақсади инсонларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминланишига кўмаклашишдир.

Конституциямиз такомиллашуви жараёнида фуқароларга янги ахборот коммуникацион технологиялардан фойдаланган ҳолда кенг жамоатчилик муҳокамаларини ўтказиш ва аҳоли таклифларини ўрганиш, халқимизга ўз фуқаролик позициясини билдириш имконияти вояга етган ҳар бир Ўзбекистон фуқаросига тақдим этилмоқда. Шундай экан, Бош қомусимизга барчамиз ўз таклиф ва тавсияларимизни беришимиз лозим. Олий юридик мақомга эга бўлган давлат Конституциясида сизнинг таклифингиз ҳам инобатга олинади.

Феруза ЭШМАТОВА,

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)