Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
“Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасидаги навбатдаги тадбир аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш борасидаги ислоҳотларга бағишланди
Хабарингиз бор, жорий йилда аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳасига старт берилган эди. Ушбу лойиҳанинг биринчи ўқув машғулоти Бухорода ўтказилган.

2022 йилнинг 15 июль куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсман)нинг Бухоро вилояти минтақавий вакили Абира Хусейнова томонидан Қоракўл тумани “Хўжалар” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Маданият маркази”да “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасидаги навбатдаги тадбир ўтказилди.

Мазкур учрашув мамлакатимизда ижтимоий соҳада олиб борилаётган туб ислоҳотлар, хусусан аҳоли бандлиги, камбағалликни қисқартириш, аҳолига яратилаётган шароитлар, имкониятлар ва имтиёзлар тўғрисида фуқароларнинг хабардорлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

"Омбудсман мактаби" тадбирига Бухоро вилояти, Қоракўл тумани "Хўжалар", “Чекирчи”, “Дўстлик” МФЙ фаоллари жалб этилди.

Қайд этиш лозимки, Омбудсманга юборилаётган фуқаролар мурожаатлари таҳлили аҳолининг мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, аёллар, ёшлар, кексалар, ногиронлиги бўлган шахсларга белгиланган ҳуқуқ ва имтиёзлардан бехабар эканликларини кўрсатди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Омбудсман институти минтақавий вакили томонидан мурожаатлар туманлар кесимида таҳлил қилинди ва аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга зарурат бўлган соҳалар танлаб олинди.

Тадбирда сўз олган, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Бухоро вилояти минтақавий вакили Абира Хусейнова “Омбудсман мактаби” доирасида ўтказиладиган тадбирларда тегишли давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва ННТ вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари жалб этилишини қайд этди.

Ўзаро мулоқотлар давомида танланган соҳалар ва масалалар бўйича фаолият юритадиган ваколатли давлат органларига асослантирилган мурожаатларни киритиш ва уларни кўриб чиқиш тартиби бўйича аҳолининг ҳуқуқий маданияти оширилади. Бу эса  фуқароларга амалий ва манзилли ёрдам кўрсатишда давлат органи ва аҳоли ўртасида конструктив алоқаларнинг ўрнатилишига хизмат қилади.

Омбудсман мактаблари Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва унинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари томонидан мунтазам равишда республика бўйлаб ташкил этилади, имкон доирасида ҳар бир маҳаллага кириб, фуқаролар таклиф ҳамда муаммолари ўрганилади ва таҳлил қилинади.

Аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган навбатдаги тадбир бандлик ва камбағаллик қисқартириш масалаларига бағишланди. Унда Бухоро вилояти бандлик бош бошқармаси бошлиғи Анвар Ҳамраев ҳамда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи Шоҳрух Амонов ушбу соҳада амалга оширилган ислоҳотлар, аҳолига яратилган  қулайликлар ва имтиёзлар ҳамда а қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмуни ҳақида маълумот бердилар.

Шундан сўнг, Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили Абира Хусейнова фуқароларга мурожаатлар билан ишлаш ва ёпиқ муассасаларга амалга ошираётган мониторинг ташрифлари ҳақида маълумот берди. Шунингдек, Омбудсман минтақавий вакилига мурожаат қилиш усулларига ҳам тўхталди.

Ўзаро савол жавоб ва эркин мулоқот руҳида ўтган тадбирда навбатдаги Омбудсман мактабларида кўтарилиши зарур бўлган соҳалар бўйича ҳам таклифлар олинди.

Тадбирда сўз олган “Хўжалар”, “Чекирчи” ва “Дўстлик” маҳалла раислари ҳам инсон ҳуқуқларини таъминлашда аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларнинг муҳим эканлигига эътибор қаратдилар. Шунингдек, бу каби тадбирларни ўтказишда Омбудсман институти минтақавий вакиллиги билан ҳамкорликда ишлашга тайёр эканликларини билдирдилар. Тадбирда Қоракўл тумани ҳокими Хуршид Тоҳиров иштирок этди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати