Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Комиссия аъзолари навбатдаги ўрганишни тергов ҳибсхонасида ўтказишди
Қорақалпоғистон Республикасида юз берган ҳолат ва воқеаларни ўрганиш бўйича комиссия аъзолари Нукус шаҳрида жойлашган 2-сонли Тергов ҳибсхонасига ташриф буюришди.

Дастлаб ҳибсхонада ушлаб турилган шахсларнинг қисқа муддатли учрашув хоналари, адвокатлар билан учрашув хоналарини, тергов ҳаракатлари хонасини кўздан кечиришди.

Мониторинг доирасида ҳибсхонада сақланаётган маҳбус ва хўжалик хизматига оид ишларни бажариш учун қолдирилган маҳкумларнинг яшаш, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланишлари бўйича яратилган шароитлар ўрганилди. Жумладан, тиббий ёрдам кўрсатиш бўлимида умумий муолажа, рентген ва стоматолог хоналари мавжуд ва керакли тиббий ускуналар ва дори-дармон воситалари билан таъминланганлиги аниқланди.

Ушлаб турилган шахслар билан суҳбат ўтказилганда тергов ҳибсхонасидаги шароитлар бўйича мурожаатлар келиб тушмади.

Қайд этиш лозимки, мониторингда тергов ҳибсхонаси видеокузатув мосламалари билан тўлиқ таъминлангани ва кузатув тасвирлари республика бўйлаб ягона тизимга бириктирилгани маълум қилинди. Ҳибсхона ходимлари томонидан ушбу тасвирларни ўчириб ташлашнинг имкони йўқлиги алоҳида таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, мониторинг давомида ўрганилган ҳолатлар ва бўлиб ўтган воқеаларда рўй берган ҳодисалар ҳақида ушлаб турилган шахслар томонидан баён этилган маълумотлар Комиссиянинг якуний хулосасида акс этади.