Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Сурхондарё вилояти филиали 100 ўринга мўлжалланган ихтиёрий даволаниш бўлими ва 100 ўринли ҳудудий мажбурий даволаш бўлимидан иборат.Бундан ташқари, вилоят туманларида 13 та наркологик хоналар хизмат кўрсатиб келмоқда.
Мониторингда беморларга ташхис қўйиш, даволаш, диспансер кузатувини олиб бориш, наркологик экспертизани ташкил этиш ва унинг назоратини амалга оширишда Даволаш кенгаши гуруҳи, унинг таркиби ва режаси ишлаб чиқилганлиги, ҳафталик муҳокамаларда бўлим ҳисоботлари таҳлил қилиб борилаётганига гувоҳ бўлинди.
Лекин, Омбудсманнинг Сурхондарёдаги минтақавий вакили айрим камчиликларни ҳам аниқлаган. Жумладан, муассасада мавжуд бўлган врачлар штати ўрганилганда,ундаги 23,25 штат бирлиги ўрнида ҳақиқатда 11 нафар врач ишлаётганлиги, 12,25 штат бирлиги эса вакант эканлиги аниқланган эди.
Ўрганиш кунида филиалнинг ихтиёрий даволаниш стационарларида 104 нафар бемор даволанаётган эди. Ихтиёрий даволаниш стационарларида беморларнинг ўртача даволаниш куни ўрганилганда, у 2022 йил 5 ойида 12,3 кунни ташкил этгани аниқланган. Бу кўрсаткич 2021йилда 12,8 кунни, 2020 йилда 14,7 кунни ташкил этган. Аслида наркологик стандартлар бўйича беморнинг сифатли даволаниши учун у стационарда камида 21 дан 30 кунгача даволаниши зарур.
Вилоятда наркологик касалликлар сонининг ошиши ҳисобига наркологик койкалар сонини кўпайтириш, наркологик муассасалар штат бирликларига “психотерапевт”, “психолог” штатларини киритиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, ўрганиш давомида муассаса ошхонаси бугунги кун талабига жавоб бермаслиги, беморларга аутсорсинг шартномаси асосида “Ханифабону” МЧЖ томонидан тайёрланаётган овқатлар ва идиш-товоқларнинг сифати талаб даражасида эмаслиги, меню ошхонанинг кўринадиган жойига осиб қўйилмаганлиги аниқланиб, муассаса маъмуриятига тегишли тавсиялар берилган.
Омбудсманнинг Сурхондарёдаги минтақавий вакили Абдурашид Артиков жорий йилнинг 6 август куни берилган тавсияларнинг инобатга олингани ҳолатини ўрганиш мақсадида Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Сурхондарё филиалига қайта мониторинг ўтказди.
Мониторинг давомида аниқланишича, вилоят аҳолисига кўрсатилаётган наркологик хизматни яхшилаш мақсадида Шарғун ҳудудий мажбурий даволаш бўлими негизида 125 ўринли (100 ўринли мажбурий даволаш, 25 ўринли ихтиёрий даволаш бўлими)” Вилоят ихтисослаштирилган мажбурий даволаш наркология шифохонаси” ташкил этилмоқда.
Айнан янги ташкил этилаётган шифохонада вилоят марказидан узоқда жойлашган туманлардаги наркологик беморларни даволашни яхшилаш мақсадида қўшимча 25 ўринли эркин даволаниш стационар бўлими ташкил этилди. Бу эркин даволаниш стационар бўлимларида даволанаётган беморлар ўртача даволаниш кунини ошириш, даволаш сифатини яхшилашни таъминлайди. Бу беморларнинг ўртача даволаниш кунларини (2022 йилнинг 6 ойида 12,2 кун) қўшимча 4-5 кунгача узайтириш имкониятини беради.
Шунингдек, аввалги мониторингдан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 16-майдаги “Аҳолига наркологик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 7-банди ижросини таъминлаш мақсадида Наркология хизматини янги штат нормативлари ишлаб чиқилаётгани маълум бўлди. Унга кўра, хар бир стационар бўлимга қўшимча 1.0 ставка “Врач-психотерапевт”, 1.0 ставка “врач-тиббий психолог” штатлари ажратилиши мумкин.Беморларнинг овқатланиш шароитлари ўрганилганда аввалги мониторингда кўрсатилган камчилликлар бартараф этилгани аниқланди.
Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати