Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
“Фарғонадаги “Жаслиқ” номи остида эълон қилинган хабарга Омбудсманнинг якуний муносабати
Аввал ижтимоий тармоқларда “Фарғонадаги “Жаслиқ” номи остида 2022 йил 29 май куни тарқатилган видео хабар Омбудсман назоратига олингани ҳақида хабар берган эдик. Унда М.Қамчиева фарзанди С.Қамчиевга нисбатан қийноқ ҳолатлари қўлланилаётганини баён этган.

Ушбу ҳолат 30 май куни Омбудсманнинг Фарғона вилоятидаги минтақавий вакили А.Камилов томонидан жойига чиқиб ўрганилган. Минтақавий вакил Фарғона шаҳридаги 10-сонли Тергов ҳибсхонасига бориб, С.Қамчиев билан ҳоли тарзда учрашган. Ўша пайтда ҳолат юзасидан М.Қамчиеванинг аризасига асосан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан терговга кадар текшируви жараёнлари олиб борилаётгани сабабли, у тугалланганидан кейин Омбудсманнинг расмий муносабати берилиши маълум қилинган эди.

Ушбу ҳолат бўйича ўтказилган терговга қадар текширув якунларига кўра, 2022 йил 4 июнь куни ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Шундан сўнг, М.Қамчиева жорий йилнинг 14 июнь куни Омбудсман номига Фарғона шаҳридаги 10-сонли Тергов ҳибсхонасида сақланаётган ўғли С.Қамчиев жорий йилнинг 24 май куни ҳибсхона ходимлари томонидан қийноққа солинганлиги бўйича мурожаат қилди.

Омбудсманнинг назорат хатига асосан Фарғона вилояти прокуратураси томонидан тўпланган ҳужжатлар ўрганилиб, қўшимча терговга қадар текширув ўтказилди. Мурожаатда кўрсатилган барча шахслар билан суҳбатлашилганда маълум бўлишича, 2022 йил 24 май куни куни С.Қамчиев ва мурожаатда кўрсатилган шахслар сақланаётган камерага ҳибсхона ходимлари эрталабки текширувга киришган. Ётоқ жойлари тартибга келтирилмаганлиги ва тозаликка риоя қилинмаганлиги сабабли ходимлар уларни камерадан ташқарига ўтиш йўлагига сафлаб, ички-тартиб қоидаларга амал қилишлари тўғрисида тушунтириш беришган. Шу вақтда С.Қамчиев ходимларга гап қайтариб, қўпол муомалада бўлган. Шунинг учун ходимлар у билан суҳбатлашиш учун уни олиб қолиб, қолган маҳбусларни камерага киритишган. Орадан 5-10 дақиқадан сўнг С.Қамчиев камерага қайтиб киритилган. Ўша вақтда уни юзида ва бошқа жойларида жароҳатлар бўлмаган. Бироз вақт ўтиб С.Қамчиев камера ичидан туриб ҳибсхона ходимларини ҳақорат қилиб, “Мен сенларга ҳали кўрсатиб қўяман” - деб жазавага тушиб, бошини камера деворига уриб, қўллари билан ётоқ кроватини урган.

Юқоридагиларга кўра, ҳибсхона ходимларининг ҳаракатларида жиноят таркиби аниқланманган деб топилган ва мурожаат бўйича жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Қайд этиш лозимки, С.Қамчиев муқаддам Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганлиги учун судланиб, 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган ва 2021 йил 12 майда ЖИБ Пискент туман судининг ажримига асосан ушбу жазонинг ўталмай қолган 2 йил 9 ой 16 куни ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилган. Бироқ, бундан ўзига тўғри хулоса чиқармай такроран жиноят содир қилган ва Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, ЖИБ Ёзвон туман судининг 2021 йил 28 августдаги ажримига кўра, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

У ҳибсхонада сақланган даврида, хусусан, 2022 йил 28 январь ва 21 март кунлари ҳам асабийлашиб ўзига тан жароҳати етказган. Мазкур ҳолатлар юзасидан суриштирув ўтказилган ва “Огоҳлантириш” интизомий жазоси эълон қилинган.

Маълум бўлишича, С.Қамчиев жорий йилнинг 20 апрель кунидан буён ҳибсхонада сақланиш давомида 14 маротаба узатма, посилка ва бандерол қабул қилган, 8 маротаба яқин қариндошлари билан учрашган.

Ўрганиш натижаларига кўра, фуқаро М.Қамчиеванинг мурожаатига асосан олиб борилган терговга қадар текширув якунлари бўйича жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати