Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Болалар тиланчилигини жамоатчилик назоратини кучайтириш орқали бартараф этиш мумкин – Болалар Омбудсмани
2022 йилнинг 16 сентябрь куни журналист Илёс Сафаров ўзининг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Чилонзор ва Шайхонтоҳур туманлари кесишмаси, Байналминал кўчаси чорраҳасида тахминан 3-4 нафар вояга етмаганлар йўлнинг қатнов қисмида “тиланчи”лик билан шуғулланаётганлиги юзасидан видео хабар эълон қилди.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил мазкур видеони кўриши биланоқ тегишли чора кўрилиши учун уни Ички ишлар вазирлигининг масъул ходимига мурожаат қилди.

Ушбу ҳолат юзасидан зудлик билан Чилонзор туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ва Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказининг масъул ходимлари иштирокида тезкор гуруҳ ишлаб чиқилиб, воқеа жойига юборилди.

Ҳолат юзасидан олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида 5 нафар вояга етмаган ва 4 нафар вояга етган шахслар туман ИИО ФМБга олиб келинди.

Уларнинг барчаси Қашқадарё вилоятида рўйхатда туриши маълум бўлди.

Ушбу ҳолат юзасидан тўпланган хужжатлар асосида Бола ҳуқуқлари миллий комиссия Қашқадарё вилояти бошқармаси ва ҳудудий ИИБга тақдимнома киритилди.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил журналист Илёс Сафаровга масалага бефарқлик билан ёндошмагани ва жамоатчилик эътиборини шу масалага тортгани учун миннатдорчилик билдиради.

Алия Юнусованинг фикрича, барчамиз тиланчиликнинг намоён бўлишига қарши курашишни бошлашимиз муҳим. Биз пул беришни тўхтатишимиз керак. Кичкинтойлар билан тиланчилик қилишни тўхтатинг, айниқса йўлларда. Бу ижтимоий ҳодисанинг оқибатларини аҳолига тушунтириш зарур. Инсоннинг ўз ҳаракатлари учун жавобгарлигини шакллантириш муҳимдир. Катталар жавобгарликка тортилиши керак.

Қайд этиш лозимки, болалар тиланчилиги масаласи Болалар Омбудсманининг доимий назоратида. Унга шу мазмундаги видеолар юборилиши биланоқ ички ишлар идоралари билан ҳамкорликда вазиятга ойдинлик киритиш, қонунбузарларни қўлга олиш чоралари кўрилмоқда. Бу ишларни тизимли равишда амалга оширилиши учун жамоатчилик назоратини кучайтириш керак. Қолганлар ҳам юқоридаги журналист сингари иш тутса, биз муаммони бартараф этиш бўйича яхши натижаларга эришишимиз мумкин.

Биз болаларнинг эксплуатациясига кўз юммаслигимиз керак. Болани эксплуатация қилиш — бу замонавий қуллик, бу вояга етмаганларга нисбатан зўравонликдир. Болалар ўзлари дуч келадиган хавфларни баҳолай олмайди. Ёши улғайган сари уларда тиланчилик пул топишнинг ягона ва тўғри йўли, деган ишонч пайдо бўлиши мумкин.

Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати