Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
“Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш баробарида улар мурожаатлари жойида ҳал этилди
2022 йилнинг 20 сентябрь куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили томонидан Шофиркон туманидаги 9-сонли мусиқа мактабида “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида “Қалмиқон” маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари иштирокида навбатдаги тадбир ўтказилди.

Мазкур ҳудуддан Омбудсман ва унинг минтақавий вакилларига юборилаётган мурожаатлар таҳлили асосида “Омбудсман мактаби”нинг мавзуси ва экспертлари танланди.

Тадбирда Бухоро вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Х.А.Жалилов, “Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти бош директорининг биринчи ўринбосари У.С.Рахматов ва Шофиркон тумани ҳокими ўринбосари А.Казаковлар иштирок этишди.

Соғлиқни сақлаш бошқармаси вакили соҳада кейинги икки уч йилда қабул қилинган ҳуқуқий норматив ҳужжатлар, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва касалликлар профилактикаси ҳамда бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида иштирокчиларга гапириб берди.

Бухоро вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Х.А.Жалилов аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами саломатлигини яхшилаш борасида амалга оширилган ишларга тўхталар экан, “Аёллар дафтари”га киритилган фуқароларга кўрсатилган тиббий ёрдам масаласига иштирокчилар эътиборини қаратди.

Таъкидланишича, “Аёллар дафтари”га киритилган соғлигида муаммоси бор 9 484 нафар хотин-қизларнинг 2 505 нафарига дори-дармон, 277 нафарига стационар шароитда даволаниши имтиёзли (ордер) йўлланма берилган. Шунингдек, 4 024 нафари амбулатор шароитда соғломлаштирилган, 33 нафарида юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилган. Ушбу тадбирлар учун 1,1 млрд сўм маблағлар сарфланди.

“Ёшлар дафтари”га киритилган соғлигида муаммоси бор 24 нафар ёшларда юқори технологик жароҳлик амалиётларини ўтказиш учун “Ёшлар дафтари” жамғармасидан 127,0 млн сўм тўлаб берилган.

Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили А.Хусейнова минтақавий вакил фаолиятини амалга оширишда давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамкорлиги масалаларида бир қатор таклифларини билдирди.

Ўзаро савол жавоб ва эркин мулоқот руҳида ўтган тадбирда келгусида“Омбудсман мактаби” доирасида кўтарилиши зарур бўлган соҳалар бўйича таклифлар ҳам олинди.

Шунингдек, тадбирнинг савол жавоблар қисмида бир неча фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, тадбирда иштирок этаётган мутасаддилари томонидан ҳал этилди, баъзиларига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Тадбирда Қалмиқонмаҳалла фуқаролар йиғини раиси инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган тадбирларнинг муҳим эканлигига эътибор қаратди. Шунингдек, у келгусида бундай тадбирларни ўтказишда Омбудсман институти минтақавий вакили билан ҳамкорликда ишлашга тайёр эканлигини билдирди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати