Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман тақдимномасига кўра касб касаллигига учраган фуқарога 191 млн сўмдан ортиқ суғурта товони тўлаб берилмоқда
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсманга) фуқаро Б.И. суғурта шартномаси бўла туриб, суғурта товони тўлаб берилмаётганидан норози бўлиб мурожаат қилди.

Аризада кўрсатилишича у тоғ-кон металлургия соҳасида 6 йил 10 ой давомида ишлаб келган. Соғлиғининг ёмонлашгани, йўтал, кўкрак қафаси, бўйин ва белдаги кучли оғриқлар ҳамда кучли заифлик сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институти томонидан тиббий текширувдан ўтказилади. Унга институт томонидан 2022 йил 6 январь куни Силикоз — бронх-ўпка аппаратининг касбий касаллиги ташхиси қўйилади.

Мазкур мурожаат Омбудсман назоратига олиниб ўрганилиши давомида 2021 йилнинг 23 июнь куни мурожаатчи фаолият юритган корхона ва суғурта компанияси ўртасида “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш” шартномаси тузилгани аниқланди.

Мурожаатчи касб касаллигини орттириб олгани факти бўлса ҳам унинг мурожаати суғурта компанияси ходимлари томонидан эътиборсиз қолдирилган.

Шундан сўнг, Омбудсман томонидан суғурта компаниясига фуқаро Б.И. суғурта шартномасининг юридик кучга эга бўлган даврида касб касаллигини орттириб олганига етарли асослар борлиги ва шу нуқтаи назардан шартнома мажбуриятларининг бажарилиши бўйича тақдимнома киритилди.

Тақдимнома натижаларига кўра фуқаро Б.И. касб касаллигини орттириб олгани суғурта ҳодисаси деб ҳисобланиб унга жами 191 млн сўмдан ортиқ суғурта товони тўланиши белгиланди.

Ҳозирда мурожаатчига 118 млн сўмга яқин суғурта товони тўлаб берилди. Суғурта товонининг қолган 73 млн сўмдан ортиқ қисми ойма-ой тўланиши маълум қилинган.  

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати