“Тадбиркорлик ва инсон ҳуқуқлари масалаларида Омбудсман ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий институтларнинг роли” мавзусига бағишланган нуфузли халқаро конференцияга Ўзбекистон, Туркия, Хитой, Япония, Молдова, Индонезия, Эрон, Корея, Қозоғистон, Покистон Республикалари ва Марокко қироллигидан Омбудсманлар ва миллий институтлар раҳбарлари ва халқаро экспертлар таклиф этилган.
Конференцияни ташкил этишдан асосий мақсад - бизнес ва инсон ҳуқуқлари соҳасида тажрибага эга бўлган Омбудсманлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий институтларни ҳамда манфаатдор томонларни бирлаштириш, раҳбарий тамойилларни амалга оширишдаги тенденциялар ва муаммолар бўйича мунозараларга кўмаклашиш, бизнес ва инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантириш ва ўзаро тажриба алмашиш учун мулоқот майдонини яратишдан иборат.
Халқаро конференция сессияларида иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларни ҳимоя қилишда Омбудсманлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий институтларнинг ўрни, БМТнинг бизнес ва инсон ҳуқуқларига оид раҳбарий тамойилларини амалга оширишнинг ҳозирги ташаббуслари, имкониятлари ва муаммолари, БМТнинг бизнес ва инсон ҳуқуқларига оид раҳбарий тамойилларини амалга оширишда омбудсманлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий институтларнинг ўрни, нотўғри бошқарувни бартараф этишда Омбудсманлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг ўрни каби мавзуларда муҳокамалар ташкил этилди.
Тадбирда сўз олган Ўзбекистон республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова Озарбайжон Омбудсмани институтини 20 йиллиги билан қутлаб, ўзаро ҳамкорлик алоқаларни янада мустаҳкамлашга тайёр эканини билдирди.
Шунингдек, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталар экан, Омбудсманнинг фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилишда қўллаётган таъсир чоралари ва механизмлар, пенитенциар муассасаларга амалга оширилаётган мониторинг ташрифлари ва институт фаолиятнинг очиқлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида ўз тажрибаси билан бўлишди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати