Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг асосий мақсад ва вазифалари фуқаролар, шу жумладан, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан иборатдир. Шу маънода, иккала ташкилот ўртасида ҳамкорлик меморандумининг имзоланиши сўзсиз, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўналишидаги ишларни янги босқичга олиб чиқади.
Зеро, ҳамкорликдан кўзланган мақсад ҳам меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари самарадорлигини ошириш ва меҳнат ҳуқуқлари поймол этилишининг олдини олишга қаратилган.
Рақамларга мурожаат этсак, ўтган беш йил давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига меҳнаткашлардан 24 мингдан ортиқ мурожаат келган бўлса, уларнинг 18 минг 359 таси қаноатлантирилди. Натижада ходимларга ўз вақтида тўланмаган 14 миллиард сўмдан ортиқ иш ҳақи ҳамда 9 миллиард сўмдан ортиқ моддий ва маънавий зарарлар ундирилиб берилишига эришилди.
Таъкидлаш лозимки, Омбудсман томонидан жорий йилнинг 9 ойлигида фуқароларнинг манфаатлари ва мажбуриятлардан, жумладан, қарздорлиги, соғлиғига етказилган зарарлар, моддий ва маънавий зарарлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар оқибатида юзага келган ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ мурожаатлар ўрганилиши натижасида жами 338 млн сўмдан ортиқ маблағлар фуқаролар фойдасига ундирилган.
Бундан ташқари 40 млн сўмдан ортиқ алимент тўловлари ундирилиши таъминланган.
Фуқароларнинг иш ҳақи ва меҳнат муносабатлари билан боғлиқ тўловлар бўйича ундирилган жами сумма – 219 млн 760 минг сўмни ташкил этади. Шунингдек, 9 нафар фуқаро ишга тикланган, 2 нафар фуқаро иш билан таъминланган.
Шунингдек, Омбудсман томонидан фуқаролик ишлари бўйича ҳамда маъмурий судларига фуқаролар манфаатини кўзлаб киритилган ариза ва даъво аризаларининг кўриб чиқилиши натижасида 11 нафар фуқаронинг зарарли меҳнат шароитларида ишлаганлик факти белгиланган.
Тадбирда мазкур меморандум нафақат марказий ташкилотлар, балки Омбудсманнинг вилоятлардаги минтақавий вакиллари ҳамда Касаба уюшмалари Федерациясининг ҳудудий кенгашлари ўртасида ҳам мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга ва фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилиши қайд этилди.
Бундан келиб чиққан ҳолда Омбудсманнинг минтақавий вакиллари билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ҳудудий Кенгалари ўртасида ҳам шу каби меморандумлар имзоланишига келишиб олинди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати