Мурожаат назоратга олиниб, ўрганилиши бўйича аниқланишича мурожаатчи “Фарғонаагрокимёхимоя” ҳиссадорлик акциядорлик жамиятида ишлаган пайтлари касб касаллигига чалингани туфайли унга 2-гуруҳ ногиронлиги берилган ва товон пуллари тўлаб борилиши белгиланган. У 2021 йилнинг октябрь ойига қадар товон пулларини олиб келган. Лекин, 2021 йилда “Фарғонаагрокимёхимоя” ХАЖнинг тугатилиши натижасида ҳозирга қадар тўлов пуллари тўланмай келинган.
Олинган маълумотларга кўра, 2-гуруҳ ногирони бўлган фуқаро М.И.га 2021 йилнинг ноябрь ойидан то 2022 йил ноябрь ойига қадар хар ой учун салкам 828 минг сўмдан тўланиши керак бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 апрелдаги “Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан 2022 йил 1 майдан бошлаб ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик пенсиялари миқдори 12 фоизга оширилган. Бунинг натижасида мурожаатчи М.И.га 2022 йилнинг май ойидан бошлаб 910 600 сўм, жами 10,5 млн сўмга яқин товон пуллари тўланиши лозим бўлган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман томонидан) фуқаро манфаатида фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига олинмай келган товон пулларини ундириш ҳақида даъво ариза киритилди.
Суд жараёнида Омбудсман даъво аризаси тўлиқ қаноатлантирилиб, 2-гуруҳ ногирони бўлган фуқаро М.И.га салкам 10,5 млн сўм товон пуллари ундирилиши белгиланди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати