Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманнинг 2022 йилдаги фаолияти кўриб чиқилди
Жорий йилнинг 13 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда фракция аъзолари томонидан дастлаб Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсман) 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Инсон ҳуқуқлари соҳасига оид меъёрий ҳужжатларнинг қабул қилиниши ва такомиллашиб бориши Омбудсман институтига фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги ваколатлари ҳамда натижадорликнинг ошишига туртки бўлди. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси инсон ҳуқуқларига оид қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек инсон ҳуқуқларини таъминлашда амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотларнинг асосини ташкил этади.

Шу нуқтаи назардан, Омбудсман институтининг асосий мақсади инсонларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланишига қаратилди. Омбудсманга конституциявий орган мақоми берилганлиги тизимнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконияти ортишига йўл очди. Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган ишлар натижасида Омбудсманнинг фаолияти кенгайтирилди, унинг вилоятларда вакиллари фаолияти йўлга қўйилди.

Ҳисобот даврида Омбудсман номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслар томонидан келиб тушган мурожаатлар сони 17 761 тани ташкил этган. Уларда кўтарилган масалаларни ҳал этиш юзасидан жойларда ўрганишлар, турли учрашувлар ташкил этилди. Омбудсман жамоатчилик вакилларини жалб қилган ҳолда жазони ижро этиш муассасаларига мониторинг ташрифларини амалга ошириб, маҳкумлар билан бевосита суҳбатлар олиб борди ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этиш чораларини кўрди.

Йиғилишда Омбудсман томонидан фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида 2022 йилда амалга оширилган ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, Омбудсманга бу йўналишда 124 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларда тоза атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқ, қурилиш ишларида шаҳарсозлик қоидаларига риоя қилмаслик, дарахтларнинг кесилиши, тоза ичимлик суви билан таъминланиш, маиший чиқиндилар билан боғлиқ муаммолар кўтарилган. Шикоятларни кўриб чиқиш жараёнида фуқароларнинг тоза атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини тиклаш ҳамда инсон ҳаёти ва фаолиятининг экологияга салбий таъсирининг олдини олиш юзасидан чоралар кўрилган.

Депутатлар томонидан инсоннинг яшаш, эркинлик ва шахсий дахлсизликка бўлган ҳуқуқларининг таъминланганлик ҳолатларига Омбудсманнинг 2022 йилдаги фаолияти давоми алоҳида эътибор қатарилганлиги эътироф этилди ҳамда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти маъқулланди.