Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманга жазо муддатини ўтаб, озодликка чиққан шахс мурожаат қилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили Диёр Ҳусановга шу йили озодликка чиққан йигит мурожаат қилди. Мурожаатчининг маълум қилишича, болалигида ота-онаси ажрашган ва бундан 15 йил аввал онаси уни холасига ташлаб кетган. 2017 йилда қамалганида туғилганлик гувоҳномаси ҳам бўлмаган.

5 йиллик жазо муддатини ўтаб чиққан мурожаатчи, ҳозирда ёлғиз қариндоши бўлган холасининг уйида тургани, ҳаётини изга солишни, ишга жойлашмоқчи эканини, лекин, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштиришда муаммолар борлигини билдирган.

Аниқланишича, холасининг уй ҳужжатлари йўқолгани сабабли, уни доимий рўйхатга қўйишнинг имкони бўлмаган.

Мазкур мурожаат назоратга олиниб, Самарқанд шаҳар прокуратураси, ИИБ ва ҳокимлик билан ҳамкорликда ўрганиб чиқилди. Мурожаатчи шаҳар ҳокимлигининг балансида бўлган объектлардан бирига рўйхатга олинди. Шундан сўнг, мурожаатчига Самарқанд шаҳар ИИБ томонидан ID карта расмийлаштирилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати