Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Можароли ҳудудлардан қайтган фуқароларнинг репатриацияси бўйича Ўзбекистон тажрибаси ўрганилди
Жорий йилнинг 3 март куни Тошкент шаҳрида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг халқаро маслаҳатчиси Шахрбану Таджбахшнинг мамлакатимизга қилган ташрифи доирасида “Можароли ҳудудлардан қайтган фуқароларнинг репатриацияси, реабилитацияси ва реинтеграциясини баҳолашда инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашув: Ўзбекистон тажрибасидан фойдаланиш” мавзусида семинар ўтказилди.

Семинарда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Марказий Осиё учун минтақавий бўлинмаси раҳбари в.Б. Фабио Пиана ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг халқаро маслаҳатчиси Шахрбану Таджбахш, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакиллари иштирок этишди.

Халқаро маслаҳатчи Шахрбану Таджбахш, БМТ Бош котиби Антонио Гуттеришнинг шу йил 2 март куни твиттерда эълон қилган постига эътибор қаратди. “Бугун Ироқда Суриядаги Ал-хол лагеридан қайтганлар билан учрашдим. Ироқда фуқаролари бўлган барча мамлакатларни ўз фуқароларини хавфсиз ва муносиб равишда ватанига қайтишини таъминлаш бўйича ҳаракатларни кучайтиришга чақираман”, - деган БМТ Бош котиби. Шахрбану Таджбахш ўз маърузасида ҳозирда кўплаб мамлакатлар хавфсизлик нуқтаи назаридан, шунингдек, сиёсий ва жамоатчилик орасидаги қўрқув, мавжуд хавфни аниқлаш бўйича фактларнинг етарли эмаслиги, жиноий, ҳуқуқий, маъмурий чоралар ва бошқа сабаблар туфайли ўз фуқароларини ватанига қайтаришни хоҳлашмаётганини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 49-сессияси доирасида Терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича махсус маърузачи Фионнуала ни Аолайнн Ўзбекистоннинг “Меҳр” операцияси доирасида фуқароларни мамлакатга қайтариш, реабилитация ва реинтеграция қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юксак баҳолаган эди.

Тадбирда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) Алия Юнусова аёллар ва болаларни қуролли можаролар бўлаётган ҳудудлардан ватанига қайтариш борасидаги Ўзбекистон тажрибасига тўхталди. Қайд этилишича, Давлат раҳбарининг шахсий ташаббуси билан «Меҳр» инсонпарварлик операциясининг бешта босқичи амалга оширилган. Мазкур операциялар доирасида алдов оқибатида ўзга юртга бориб қолиб, оғир ҳаётий даврни бошидан ўтказган бу инсонларга ҳукумат томонидан тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилган. Уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга мослашишлари, таълим ва ижтимоий дастурларда иштирок этишлари учун зарур шароит яратилади, бошпана ва иш билан таъминлаш чоралари кўрилган.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг болалар ва аёлларни низоли ҳудудлардан олиб келиш ва уларни жамиятга мослаштириш бўйича тажрибаси халқаро миқёсда эътироф этилмоқда. Ушбу тажрибани ўрганиш мақсадида мамлакатимизга Қирғизистон, Туркманистон, Мальдив Республикаларининг делегациялари ташриф буюргани қайд этилди.БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг халқаро маслаҳатчиси Ўзбекистоннинг ушбу тажрибасини эътироф этар экан, уни бошқа мамлакатлар учун методология ишлаб чиқишда қўллаш мақсадга мувофиқлигини билдирди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати