Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани)нинг 2022 йилдаги фаолияти якунларига кўра брифинг
2022 йил мобайнида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси жисмоний ва юридик шахслари, болалар ҳамда улар қонуний вакиллари томонидан жами 696 та мурожаатлар қабул қилинди. Мурожаатлар бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Мурожаатлар Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан тўлиқ назоратга олинган. 374 та мурожаат тегишли тартибда кўриб чиқилган. Жумладан:

-         64 та мурожаатлар қаноатлантирилган;

-         310 та мурожаатлар юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилган.

Алимент олиш ҳуқуқига доир 29 та мурожаатни ўрганиш давомида 2022 йил давомида Бош прокуратура томонидан 71 нафар тарбияланувчиларга ота-оналаридан 389,3 млн сўм алимент ундириб берилиши таъминланган.

Шунингдек, мурожаатлар ичида жамоавий мурожаатлар ҳам кўп учрамоқда. Жумладан Республика бўйича 500 га яқин оғир ирсий касаллик фенилкетонурия билан оғриган болаларнинг ота-оналари номидан мурожаат келиб тушган. Мурожаатда таъкидланганидек, уларнинг фарзандлари учун мўлжалланган махсус тиббий озиқ-овқатлар етишмай қолаётгани фарзандларининг саломатлиги ва ҳаётига хавф туғдирган.

Ота-оналар номидан аризада келтирилган важларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва Бош прокуратура, масъул вазирликлар ҳамда идораларга хат билан мурожаат қилиниб, фенилкетонурия билан оғриган болаларга махсус тиббий озиқ-овқатлар етказиб берилди ва келгусида махсус тиббий озиқ-овқатлар етказиб берилишида вужудга келиши мумкин бўлган ҳолатларни бартараф қилиш борасидаги ишлар давом эттирилмоқда.

Республикамиз ҳудудидаги ёпиқ, шахслар ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган муассасаларда бола ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан 20 та муассасаларга мониторинг ташрифлари ўтказилди. Мониторинглар 6 та ҳудудда Самарқанд, Қашқадарё, Хоразм, Фарғона, вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида ўтқазилди. Мониторинглар давомида 100 га яқин фуқаролар билан учрашилди. 50 га яқин фуқаролар билан якка тартибда суҳбатлашилди.

Фарғона вилояти, Олтиариқ туманидаги 22, 39-сонли ва Марғилон шаҳридаги 16, 24-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилотларидаги тарбияланувчиларининг овқатдан касалланганлиги ҳолатини Бола ҳуқуқлари бўйича вакил жойига чиқиб ўрганди. Ҳолат юзасидан тайёрланган маълумот Бош прокуратурага киритилди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фарғона вилояти прокуратураси маълумотига кўра, мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантириш борасида ўтказилган текширишлар натижасида 277 нафар шахс маъмурий, 124 нафар шахс интизомий ва 23 нафар шахс моддий жавобгарликка тортилиб, етказилган 124 млн сўм миқдоридаги зарар ихтиёрий қопланган.

Болалар омбудсмани бола ҳуқуқларини таъминлаш борасида идоралараро ишчи гуруҳлари таркибида ҳам фаолият юритмоқда. Ҳисобот йилида умумтаълим муассасаларида болалар ўртасида тазйиқ ва зўравонликка қарши (буллинг) курашиш, Миср Араб Республикасига диний таълим олиш мақсадида чиқиб кетган болаларни ватанга қайтариш, уларни узлуксиз ва изчил таълим олишини таъминлаш ҳамда болалар тиланчилигини олдини олиш бўйича “Йўл харита”лари ишлаб чиқилди ва ишлар давом эттирилмоқда.

“2023-2030 йилларда Ўзбекистонда болаларга ғамхўрлик қилиш тизимини ноинституционаллаштириш стратегияси” лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Болалар институтлашган муассасаларини босқичма-босқич ёпиш, шу билан бирга, ижтимоий хизматлар кўрсатиш ҳажми ҳам шунга мос равишда ўсиб бориши керакли масаласи Стратегиясининг асосий мақсадлари сифатида белгиланган.

2021-2022 йилларда жами ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга мўлжалланган 21 та болалар муассасаси фаолияти тугатилди.

Республика бўйича жами 139 та оилавий болалар уйлари ташкил этилган бўлиб, уларда 822 нафар болалар тарбияланмоқда.

Ўзбекистоннинг болалар ва аёлларни низоли ҳудудлардан олиб келиш ва уларни жамиятга мослаштириш бўйича тажрибаси халқаро миқёсда эътироф этилмоқда. Ушбу тажрибани ўрганиш мақсадида мамлакатимизга Қирғизистон, Туркманистон, Мальдив Республикаларининг делегациялари ташриф буюрди.

Йил давомида Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикаси Бола ҳуқуқлари бўйича вакиллари томонидан 15 та мурожаат қабул қилиниб, барчаси ижобий ҳал этилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 22-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан чет элда ота-она қарамоғисиз қолиб кетган, болаларни юртимизга қайтаришда Ички ишлар вазирлиги билан кенг ҳамкорлик қилинмоқда. 2022 йил давомида Россия Федерациясидан жами 37 нафар, Қозоғистон Республикасидан 4, Туркия давлатидан 2 нафар вояга етмаганлар жами 43 нафар бола Ўзбекистонга қайтариб олиб келинган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати