Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманлар тажрибаси: инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг ишончли ҳимояси борасида ўзаро ҳамкорлик
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институти 1995 йилнинг февраль ойида МДҲ давлатлари орасида биринчилардан бўлиб Ўзбекистонда жорий этилган. Куни кеча Омбудсман институти 28 йиллигини 20 дан ортиқ хорижий мамлакатларнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи ваколатли органлари ва Омбудсманлари билан биргаликда Самарқанд шаҳрида нишонлади.

Португалия, Сербия, Венгрия, Туркия, Озарбайжон, Россия, Таиланд, Марокаш қироллиги, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон давлатлари Омбудсманлари, нуфузли халқаро ташкилотлар, сенатор ва депутатлар, давлат ташкилотлари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирокида ташкил этилган халқаро конференцияда хотин-қизлар ва ёшлар, ногиронлиги бўлган шахслар, жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб жиҳатлари ҳамда Омбудсманнинг давлат идоралари ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари билан ўзаро ҳамкорлиги масалалари муҳокама этилди.

Ҳозирда дунёда 180 дан ортиқ мамлакатларда Омбудсман лавозимларининг жорий этилгани, бу институтнинг инсонлар, жамият ва давлат ҳаётида тутган ўрни салмоқли эканлигини кўрсатади. Омбудсманлар бир мақсад –  инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўлида бирлашган бўлса ҳам, уларни амалга ошириш бўйича танлаган йўли, механизмлари, таъсир чоралари, ваколатлари бир биридан фарқ қилади. Дунёда рўй бераётган ўзгаришлар, жамиятдаги мавжуд муаммолар ва бошқа жихатлардан келиб чиқиб, Омбудсманларнинг бир жойда жамланиши ва ўзаро тажриба алмашиши инсон ҳуқуқларини таъминланишида жуда муҳим аҳамиятга эга. 

Халқаро конференцияда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова мамлакатимизда “Инсон қадри” тамойилига асосан олиб борилаётган ислоҳотларга тўхталар экан, шунга мос равишда Омбудсман институти фаолияти ҳам такомиллашиб бораётганини қайд этди.

- 2021 йилда Давлат раҳбарининг тегишли ҳужжатлари билан Омбудсман зиммасига қийноқларни олдини олиш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш ва қонунчиликни такомиллаштириш ва бошқа йўналишларда вазифалар юклатилди. Қолаверса, 2022 йилдан Омбудсманнинг ҳудудларда доимий асосда ишловчи минтақавий вакиллари иш бошлади. Бу эса фуқаролар ҳимоясини тезлик билан таъминлаш, уларнинг марказга келиш вақтлари ва ҳаражатларини тежаш, мурожаатларни тезлик билан жойига чиқиб ўрганиш, мониторинг ташрифлари қамровини кенгайтириш имконини берди, – деди Ўзбекистон Парламенти Омбудсмани.  

Конференцияда иштирок этган хорижий мамлакатларнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи ваколатли орган раҳбарлари Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида эришилаётган ижобий натижаларни алоҳида эътироф этиб, бу борадаги тажрибалари билан ўртоқлашишди.

Туркия Бош Омбудсмани Шериф Малкоч ўз маърузасида Туркияда содир бўлган “Аср фалокати” дея тарифланаётган табиий офатларни илк дақиқалариданоқ Туркия билан бирга бўлган, ҳар томонлама гуманитар ва амалий ёрдам кўрсатган Ўзбекистон ҳукуматига ўз миннатдорчилигини билдирди.

Хотин-қизлар ва ёшлар ҳуқуқлари ҳимоясига бағишланган сессияда иштирок этган Туркия Бош Омбудсмани оилани ҳимоя қилиш ва аёлларга нисбатан зўравонликни олдини олиш борасидаги тажрибасига ҳам тўхталди. Унинг сўзларига кўра, Туркия “ноль тоқат” тамойили асосида аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашишни бошлаган. Психоижтимоий ёрдам ва йўл-йўриқ хизматлари учун зўравонликнинг олдини олиш ва мониторинг қилиш марказлари ташкил этилган. Тезкор хабарлар олиш учун “Аёлларни қўллаб-қувватлаш тизими” мобил иловаси ишга туширилган.

Сербия Республикаси фуқаролар ҳимоячиси Зоран Пашалич аёлларга нисбатан зўрaвонликка барҳам бериш учун уларнинг ижтимоий ва иқтисодий мустақиллигини таъминлаш кераклигини қайд этди. Сербияда аёлни жамиятда зўравон билан қолишга мажбур қиладиган иқтисодий сабабларни бартараф этиш мақсадида уларни ишга жойлашишда алоҳида мақомга эга эканлиги белгиланган. Бугун Ўзбекистон Омбудсмани билан имзолаган ҳамкорлик меморандуми доирасида бу борадаги ҳамкорлигимиз янада мустаҳкамланади деган умиддаман, – деди Сербия Омбудсмани.

– Аввало бугунги конференцияга таклиф этишгани учун ўзбекистонлик дўстларимизга миннатдорлик билдираман, – дейди Озарбайжон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Сабина Алиева. – Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича бугун муҳокама этилаётган масалалар барчамиз учун энг долзарб масалалар ҳисобланади. Ушбу йўналишда Ўзбекистон билан ўзаро тажриба алмашган ҳолда фаолият олиб боряпмиз. Бу алоқаларимиз ўтган йилдан бошлаб Туркий тилли давлатлар инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари ва омбудсманлари Ассоциацияси доирасида ҳам амалга оширилмоқда. 

Венгрия Республикаси асосий ҳуқуқлар комиссари (омбудсман) Акос Козма ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича Омбудсман таклифи билан қонунчиликка киритилан ўзгаришлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, конференция доирасида Ўзбекистон ва Венгрия Омбудсманлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзолангани алоқаларни янада мустаҳкамланишига хизмат қилиши Венгрия Омбудсмани томонидан алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида олиб бораётган ислоҳотлар ва эришилаётган натижалар Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари учун наъмуна бўлаётганлиги конференцияда иштирок этган Қозоғистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакил ўринбосари-Инсон ҳуқуқлари бўйича марказ директори Амир Умаров томонидан таъкидланди. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистонда ногирон маҳбуслар учун электрон хизматлар жорий этилган.

Кирғизистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакил (омбудсман) ўринбосари Альберт Колопов Ўзбекистон Омбудсмани билан фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишдаги ҳамкорликлари Марказий Осиё давлатлари Омбудсманларининг I-Форумида имзоланган икки томонлама меморандум доирасида мустаҳкамланганини қайд этди. Айниқса, Қирғизистон Республикасида айбдор деб топилган Ўзбекистон Республикаси фуқаросига Ўзбекистон ташаббуси билан ҳуқуқий ёрдам кўрсатилганлиги конференция иштирокчилари томонидан ҳам эътироф этилди.

Марокаш Қироллиги Омбудсмани Мохамед Беналилу аутизм касаллаги билан чалинган ногиронлиги бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасидаги тажрибаси билан ўртоқлашди. Ушбу масалага давлат сиёсати даражасида қаралиши, ҳар бир аутистик шахсга кафолатланган ижтимоий интеграция ҳуқуқини таъминлаш ва парвариш қилиш жараёнига оид барча масалалар қаттиқ назоратга олиниши кераклигини маълум қилди. Бу борада Омбудсман институти ўз ваколати доирасида ушбу тоифадаги фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган қонун ва дастурларни амалга ошириш бўйича комплекс сиёсатни ишлаб чиқиш борасида ишлаётгани қайд этилди.

Шунингдек, конференцияда Португалия, Россия, Таиланд, Тожикистон, Қирғизистон давлатлари Омбудсманлари ҳам ўз тажрибали билан бўлишишди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама этилган муҳокама майдонида нуфузли халқаро ташкилот вакиллари, жумладан, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори в.б. Ханс-Ульрих Им, АҚШ IRI Халқаро Республика Институти Евроосиё бўлими Бош директори Стефан Никс, БМТ ТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Марказий Осиё учун минтақавий бўлинмаси раҳбари Фабио Пиано, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармасининг Марказий Осиё минтақасидаги вакили Ашита Миттал ҳамда Халқаро қамоқхоналар ислоҳотининг (Penal Reform International) ижрочи директори Оливия Роуплар ҳам иштирок этишди. Халқаро экспертлар Омбудсман институтининг жамият ҳаётида ғоят муҳим аҳамиятга эга эканлигига тўхталар экан, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилган ислоҳотларни эътироф этишди ва доим ҳамкорликда ишлашга тайёр эканликларини маълум қилишди.

Халқаро конференция якунларига кўра, Самарқанд резолюцияси қабул қилинди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати