Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Навоийдаги ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган муассасаларда тиббий ходимлар етишмаслиги аниқланди
2023 йилнинг 7 март куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили Ш.Джураев, “Мадад” ННТ Навоий шаҳар ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутахассиси билан Зарафшон шаҳридаги 12-сонли жазони ижро этиш колонияси, 36-сонли Манзил-колонияси ва ИИБ ҳузуридаги вақтинча сақлаш ҳибсхонасига мониторинг ташрифларини амалга оширди.

Мониторинг давомида, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган муассасаларда яратилган шарт-шароитлар, жумладан, ётоқ жойлари, маиший хоналар, ошхоналар, ҳаммомлар, камералар ҳолати, кутубхоналар, даволаш-профилактик ёрдам кўрсатиш бўлимлари, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари, ишлаб чиқариш ҳудудлари кўздан кечирилди.

Шунигдек, муассасаларда ўрнатилган “Омбудсман қутилари” кўздан кечирилиб, мурожаатлар ижро учун қабул қилинди. Ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахсларнинг сўровига кўра, улар билан якка тартибда учрашувлар ўтказилди ва мурожаатлар назоратга олинди. Учрашувларда сақлаш шарт-шароитлари ва қийноққа солиш ҳолатлари юзасидан шикоятлар келиб тушмади. Мурожаатларнинг аксарияти, тайинланган жазо енгиллаштирилишида, жазо муддатини ўташи давомида интизомга амал қилмагани учун қўлланилган интизомий чораларни муддатидан олдин олиб ташлашда ҳамда оиласига моддий ёрдам ажратилишида ва оилавий шароитини инобатга олиб, яшаш ҳудудига яқин жойдаги колониялардан бирига ўтказиш масаласида бўлди.

Маҳкумларни даволаш учун дори воситалари захираси, уларни сақлаш муддати ва тартиби, муолажаларни қайд этиш китоблари, мавжуд тиббий асбоб-ускуналар, тиббиёт ходимларининг белгиланган штат бирлиги бўйича шаклланганлиги ўрганилди ва 2019 йилдан буён тери-таносил касалликлари шифокори ҳамда битта ўрта тиббиёт ходими – фелдшер штати бўш тургани маълум бўлди.  

Даволаш бўлимида даволанаётган маҳкумлар ҳолидан хабар олинди, улар билан суҳбат ўтказилиб кўрсатилаётган тиббий хизматнинг ўз вақтида кўрсатилиши ва сифати бўйича маълумотлар олинди.

Ташриф давомида маҳкумлар билан жамоавий учрашув ўтказилиб, қонунчиликдаги янгиликлар хусусида маълумотлар берилди.

  Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати