Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
АЁЛ СУДЬЯЛАРНИНГ ОДИЛ СУДЛОВНИ ТАЪМИНЛАШДАГИ ҲИССАСИ
2023 йил 11 март куни Тошкентда «Аёл судьяларнинг одил судловни таъминлашдаги ҳиссаси» мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.

БМТ Бош Ассамблеясининг 2021 йил 28 апрелдаги 75/274-сонли резолюцияси билан 10 март – Халқаро аёл судьялар куни деб эълон қилинган.

Ушбу сана муносабати билан Олий суд, Судьялар олий кенгаши, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда “East-west management institute” НТТ Ўзбекистондаги филиалининг “Суд тизимини мустаҳкамлаш” (JSSA) қўшма лойиҳаси ҳамкорлигида ташкил этилган нуфузли анжуманда мамлакатимизда фаолият юритаётган аёл судьялар билан бир қаторда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Молдова ва Сербия давлатларидан хорижий эксперт сифатида аёл судьялар ҳам иштирок этди.

Конференцияда Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева, Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Робахон Маҳмудова, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Демократия ва бошқарув офиси директори Фэй Хаселкорн ва Аёл судьялар халқаро ассоциацияси президенти Сьюзан Глейзбрук, Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова ва Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоевалар сўзга чиқиб, конференция қатнашчиларини Халқаро аёл судьялар куни билан муборакбод этдилар.

Таъкидланганидек, бугунги кунда суд тизимида фаолият юритаётган аёл судьялар ўзларининг юксак билими, ақл-заковати билан жамиятда қонун устуворлиги ва адолат барқарорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

Суд тизимида аёллар ҳиссасини ошириш нафақат хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, балки қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, гендер тенглигини таъминлаш учун ҳам зарурлиги қайд этилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова судьялик лавозимларига муносиб номзодларни танлаш ва тайинлаш жараёни очиқ танлов ва муқобиллик асосида ўтказилаётганига тўхталар экан, ушбу жараёнларда судья аёллар қатори йилдан йилга кенгаяётганига эътибор қаратди.

- Хорижий давлатлар амалиётида аёл судьяларнинг кўпайиши, ишларни кўриб чиқишда янгича ёндошув ва тажрибаларнинг ўзлаштирилишига, аҳолининг суд ҳокимиятига бўлган ишончининг ошишига, хаттоки коррупциявий ҳолатларнинг камайишига олиб келиши кузатилган. Шунинг учун ҳам суд тизимида аёл судьялар сонининг ошиши муҳимдир – Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсман.

Маълумот учун: Ўзбекистонда бугунги кунда 182 нафар аёл судья фаолият кўрсатмоқда, уларнинг 26 нафари раҳбар судьялик лавозимига тайинланган.

Анжуман доирасида одил судловни амалга оширишдаги самарали меҳнати учун 30 нафар аёл судья Олий суднинг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди. Шунингдек, Судьялар олий кенгаши томонидан суд тизимида юксак обрў-эътибор қозонган, судьялик бурчини бенуқсон ва ҳалол амалга оширган, жамиятда одил судловга бўлган ишончни мустаҳкамлаш ва ёш судья кадрларни етиштиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган 8 нафар аёл судьяга “Суд фахрийси” кўкрак нишони ва 5 нафар аёл судьяга эсдалик совғалари топширилди. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Молдова ва Сербиядан ташриф буюрган аёл судьялар ҳам эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Конференцияда аёлларнинг судьялик касбига эришиш имкониятлари масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, юридик таълим, судьяларнинг малака ошириши ва номзодларни тайёрлаш, ихтисослашган таълимга оид масалалар муҳокама этилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати