Фурсатдан фойдаланиб, лойиҳадаги бир қатор янгиликлар ҳақида сўз юритсам.
Халқимиз ёшликда олинган билимни тошга уйилган нақшга қиёслайди. Зеро, таълимнинг бошланғич асоси бўлган мактабгача таълим инсон камолотида беқиёс аҳамиятга эга. Шу боис, сўнгги йилларда ушбу таълим тури тубдан ислоҳ этилди
Конституциямизнинг 50-моддасида давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратади ҳамда мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта таълим каби давлат назорат қилади, деган муҳим норма белгиланмоқда.
Мазкур киритилаётган ўзгартиришларга кўра давлатга қўйидаги мажбуриятлар юклатилмоқда:
биринчидан, давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратади. Яъни, давлат томонидан ушбу таълим ташкилотларини ривожлантириш учун иқтисодий ва ташкилий, ҳуқуқий кўмак кўрсатилади;
иккинчидан, мактабгача таълим ва тарбия ҳам давлат назоратида бўлиши белгиланмоқда. Яъни, мактабгача таълим соҳасида болаларни интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний жиҳатдан ҳар томонлама ривожлантириш учун зарур шароитлар яратиш, ўқув жиҳозлари билан таъминлаш, болаларни соғлом озиқ-овқат, сифатли тиббий парваришлаш хизмати ва бошқа моддий воситалар билан таъминлаш ишлари доимий назоратга олинади.
Бу орқали чекка ҳудудларда ташкил этилган боғчаларда ҳам энг замонавий шарт-шароит ва таълим-тарбиянинг барча зарур воситалари мавжуд бўлиши, шунингдек, малакали педагоглар фаолият кўрсатиши таъминланади.
Натижада ҳар бир боланинг сифатли мактабгача таълим ва тарбия олиш ҳуқуқи таъминланади. Таъкидлаш лозимки, мамкалатимизда сўнгги олти йилда болаларнинг боғча билан қамрови 27 фоиздан 70 фоизга ошган, Конституцияга киритилаётган янги нормалар эса бу борада янги марраларга эришиш имконини бериши аниқ.
Шунингдек, алоҳида таълим олиш эҳтиёжлари бўлган болаларнинг сифатли таълим ва тарбия олишига шароит яратилади. Яъни, инклюзив таълим тизими ривожлантирилади.
Конституциямизда илк маротаба инклюзив таълим учун шароит яратишга оид алоҳида норманинг белгиланиши алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун таълим ва тарбия уларнинг жисмоний ва ақлий ривожланишини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилишига хизмат қилади. Мисол учун, уларга сурдо-таржимонлар, кўзи ожизлар учун Брайль алифбосидаги дарсликлар, зарур бўлган техник мосламалар, махсус билим ва малакага эга ўқитувчи-педагоглар жалб этилади
Таълим олиш жараёнида уларни бирор-бир шаклда камситишга йўл қўйилмайди, уларнинг бошқа болалар қаторидан ўрин олиб ўз қобилиятларини кўрсата олиш имконияти яратилади.
Абира Ҳусейнова
Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили