Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
МАЖБУРИЙ МЕҲНАТГА ТЎЛИҚ БАРҲАМ БЕРИЛАДИ
Узоқ йиллар республиканинг халқаро имиджига салбий таъсир қилиб келган мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам берилди.

Хусусан, амалдаги Меҳнат кодексига мувофиқ меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиғи, хавфсизлиги, тўлиқ жисмоний, ақлий ва маънавий ривожланишига таҳдид солмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун – улар ўн беш ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади.

Бу борада, айниқса, болаларнинг баркамол ривожланишига салбий таъсир қиладиган ҳар қандай болалар меҳнати тақиқланиши Асосий қонунимизда тўғридан-тўғри ёзиб қўйилмоқда.

Мажбурий меҳнатга чек қўйилиши ҳар бир ўзбекистонликнинг кундалик ҳаётига ижобий таъсир кўрсатади, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа ривожланиши натижасида ҳаёт сифати ошади.

Бу қоиданинг Конституцияда алоҳида белгиланиши эса, сиёсий қатъиятдан ортга қайтилмаслигини англатади, ушбу соҳада эришилган ютуқларни қатъий мустаҳкамлайди ҳамда болаларнинг меҳнатнинг оғир шаклларидан ҳимоя қилиш, уларни соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишишлари учун муҳим ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси 2008 йилда Халқаро меҳнат ташкилотининг “Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисида”ги Конвенцияни (1999) ратификация қилган.

Ушбу конвенцияга мувофиқ “болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари” деганда қуллик, жинсий эксплуатация, болаларни қуролли тўқнашувларда, ноқонуний фаолиятда ёки уларнинг соғлиғига, ахлоқий ва психологик ҳолатига зарар етказадиган хавфли ишларда ишлатиш тушунилади.

Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларида бундай қилмишлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни бартараф этиш ишлари ўзининг ижобий натижасини бериб ушбу саъй-ҳаракатлар халқаро миқёсда эътироф этилди. Халқаро рейтинглардаги ўрнимиз анча яхшиланди, бу эса юртимизга кўплаб инвестициялар жалб қилинишига, иқтисодиётнинг ва ижтимоий соҳанинг ривожланишига хизмат қиляпти.

Болалар ўқишда, шифокор ва ўқитувчилар ишда бўлишлари тўғри сиёсий қарор эди. Мажбурий ва болалар меҳнатининг ман этилиши Конституцияда белгилаб қўйилиши ушбу сиёсий қарор абадий эканлигини кўрсатади.

Айни пайтда, ушбу конституциявий норма болаларнинг соғлиғи, хавфсизлиги, тўлиқ жисмоний, ақлий ва маънавий ривожланишига таҳдид солмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган тарзда меҳнат қилишларига тўсқинлик қилмайди.

Абира Ҳусейнова

Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг  Бухоро вилояти минтақавий вакили