Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
2 йилга кечиккан уй: Омбудсман фуқаро манфаатида судга даъво ариза киритди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Хоразм вилоятидаги минтақавий вакили Одилбек Оллаёров номига Урганч шаҳрида яшовчи фуқаро Х.Р. янги уй-жой сотиб олиш бўйича тузилган шартнома шартлари 2 йилдан бери бажарилмагани бўйича мурожаат қилди.

Мурожаатчининг ёзишича, 2020 йил 31 январь куни Урганч туманида фаолият юритувчи “F E” МЧЖ шаклидаги қурилиш корхонаси билан кўп қаватли турар жойдан уй сотиб олиш бўйича шартнома тузилган. Шартномага асосан тўланиши лозим бўлган сумма тасдиқланган жадвал асосида тўланган. 2020 йилнинг 31 декабрига қадар  эгасига топширилиши керак бўлган уй орадан 2 йил ўтса ҳам қуриб битказилмаган.

Фуқаро Х.Р. қурилиш корхонасидан пулларини қайтариб олиш бўйича бир нечта тегишли давлат ташкилотларига мурожаат қилган бўлсада, бундан ижобий натижа бўлмаганини билдириб, ушбу масалани ижобий ҳал қилишда ёрдам сўради.

Мазкур мурожаат ва унга илова қилинган ҳужжатлар минтақавий вакил томонидан ўрганиб чиқилганда аризада келтирилган важлар ўз тасдиғини топди.

Шунингдек, ариза муаллифининг шахси ўрганилганда унинг ҳақиқатдан ҳам ҳозирги кунда ўзига тегишли бўлган яшаш жойи мавжуд эмаслиги, оиласи билан ижарада туриши, оиласининг аҳволи моддий жиҳатдан яхши эмаслиги маълум бўлди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судига фуқаро Х.Р. манфаатларини кўзлаб даъво аризаси киритилди.

Суд фуқаро манфаатида киритилган даъво аризани тўлиқ қаноатлантириб, жавобгардан фуқаро Х.Р. фойдасига шартнома бўйича тўланган маблағ ҳамда шартнома шартларининг вақтида бажарилмагани учун ҳисобланган пения суммасини ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарилди.

Ҳал қилув қарорида кўрсатилган сумма фуқаро Х.Р.га тўлиқ ундириб берилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати