Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашда Омбудсман ва фуқаролик жамияти институтларининг роли
2023 йилнинг 11 апрел куни Фарғона вилоятида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан AҚШ Конгресси ҳузуридаги Халқаро Республика Институти (IRI) билан ҳамкорликда “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашда Омбудсман ва фуқаролик жамияти институтларининг роли” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Маълумки, Давлат раҳбарининг 2021 йил 3 мартдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ва 2021 йил 4 мартдаги “2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг янги босқичини бошлаб берди.

Ушбу ҳужжатларда мамлакатимизда эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолининг сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини ошириш, давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ижтимоий шериклик муносабатларини ҳамда долзарб масалаларни ҳал этишда ҳамкорлигини кучайтириш, республикада барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ташаббускорлиги ва фаоллигини ошириш мақсад қилиб қўйилди.

Мазкур давра суҳбатини ташкил этишдан асосий мақсад - давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида умумий мулоқот майдонини яратишдан иборат.

Тадбирда сўз олган иштирокчилар жаҳондаги демократик давлатлар тажрибасида фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини ошириш ҳамда жамоатчилик назоратини олиб боришдаги ўрнини оширишга алоҳида эътибор берилишини қайд этишди.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати