Халқаро тадбирда Ўзбекистон, Озарбайжон, Австрия, Молдова, Тожикистон, Польша, Қирғиз Республикаларининг Омбудсманлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказлар, суд, прокуратура ва фуқаролик институтлари вакиллари ҳамда қатор нуфузли халқаро ташкилот экспертлари иштирок этишди.
Конференцияни ташкил этишдан асосий мақсад - зўравонлик ва қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларни олдини олиш бўйича давлатларда жорий этилган Миллий превентив механизмлар фаолиятини ўрганиш, ушбу муаммони ҳал қилишда турли давлат органлари, жумладан прокурорлар ёки тергов органлари, судьялар ва миллий инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш институтларининг ролини таҳлил қилишдан иборат.
Тадбирда қайд этилишича, зўравонлик ва қийноқ ҳолатларини тақиқлаш - инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича халқаро ҳужжатлар ва дунёдаги барча давлатлар миллий қонунчилиги асосини ташкил этади. Жумладан, Марказий Осиё давлатлари Конституцияларида ҳам қийноқ ва шафқатсиз муносабат, зўравонлик ҳар қандай шароитда ва истисносиз қатъий тақиқланган.
Халқаро Конференцияда сўз олган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги тажрибасига тўхталиб ўтди. Шунингдек, 2019 йилдан Омбудсман ҳузурида ташкил этилган қийноқларни олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм доирасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.
Халқаро конференцияда қийноқ ҳолатларини олдини олиш бўйича кўплаб давлатларнинг илғор тажрибалари тингланди ва халқаро стандартлар бўйича фикр алмашилди. Эркин мулоқот руҳида ўтган тадбир муҳокама ва мунозараларга бой бўлди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати