Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Навбатдаги Омбудсман мактаби тадбири Наманганнинг чекка ҳудуди бўлган Янгиқўрғон туманининг Нанай қишлоғида ўтказилди
"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида"ги Қонуннинг 20 прим 2 моддасида Вакил фуқароларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида Ўзбекистон Республикаси қонунлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва халқаро шартномалари, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ҳамда нормалари тўғрисидаги билими ва хабардорлигини ошириш чора-тадбирларини кўриши белгиланган.

Қолаверса, Давлат раҳбарининг 2021 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра, Омбудсманнинг энг устувор вазифаларидан бири сифатида аҳоли орасида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ва миллий қонунчилик нормаларини тарғиб қилиш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга кўмаклашиш белгиланган.

Шу нуқтаи назардан республика бўйлаб аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 3 май куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Наманган вилоятидаги минтақавий вакили ташаббуси билан “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида тадбир ташкил этилди. Марказдан олис ҳудудда, яъни Қирғизистон Республикасига яқин бўлган Янгиқўрғон тумани Нанай қишлоғида ўтказилган давра суҳбатида аёллар, ёшлар, кексалар, ногиронлиги бўлган шахсларга берилган ҳуқуқ ва имтиёзлар ва инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасидаги қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида маълумот берилди.

Тадбирда Наманган вилоят божхона бошқармаси масъул ходими, Янгиқўрғон туман адлия бўлими  бошлиғи, Мадад ННТ Янгиқўрғон туман ҳуқуқий маслаҳат бюроси ҳамда Дўстлик, намуна, Зарбдор, Қайроқи ва Сойбўйи маҳалла фуқаролар йиғини раислари ҳамда уларнинг фуқаролари иштирок этдилар.

“Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида Омбудсманнинг Намангандаги минтақавий вакили Жаҳонгир Валиев фуқаролар мурожаатларини ҳам қабул қилди.

Сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш, ижтимоий ёрдам олиш, алимент, ер солиғини қайта ҳисоблаш, кўчаларни текислаш ва бошқа масалаларда 30 дан ортиқ мурожаатлар қабул қилинди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати