Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида “Омбудсман мактаби” лойиҳаси тадбири бўлиб ўтди
"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида"ги Қонуннинг 20 прим 2 моддасида Вакил фуқароларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида Ўзбекистон Республикаси қонунлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва халқаро шартномалари, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ҳамда нормалари тўғрисидаги билими ва хабардорлигини ошириш чора-тадбирларини кўриши белгиланган.

Қолаверса, Давлат раҳбарининг 2021 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра, Омбудсманнинг энг устувор вазифаларидан бири сифатида аҳоли орасида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ва миллий қонунчилик нормаларини тарғиб қилиш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга кўмаклашиш белгиланган.

Шу нуқтаи назардан республика бўйлаб аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 5 май куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Сурхондарё вилоятидаги минтақавий вакили ташаббуси билан “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида Шўрчи туманида тадбир ўтказилди.

Қайд этиш лозимки, Омбудсманга юборилаётган фуқаролар мурожаатлари таҳлили аҳолининг мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, аёллар, ёшлар, кексалар, ногиронлиги бўлган шахсларга белгиланган ҳуқуқ ва имтиёзлардан бехабар эканликларини кўрсатди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Омбудсман институти томонидан мурожаатлар ҳудудлар кесимида таҳлил қилинди ва аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга зарурат бўлган соҳалар танлаб олинди.

“Омбудсман мактаби” лойиҳасини амалга оширишдан мақсад –аҳолини мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги туб ўзгаришлар ҳақида хабардорлигини оширишдан иборат.

Тадбирда дастлаб Омбудсманнинг Сурхондарё вилоятидаги минтақавий вакили Абдурашид Артиқов иштирокчиларни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятининг асосий йўналишлари, мурожаат юбориш усуллари ва уларни кўриб чиқиш тартиби, қабул кунлари, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга ўтказилаётган мониторинг ташрифлари билан таништирди.

Шундан сўнг тегишли давлат идоралари вакиллари меҳнат қонунчилиги ва хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида қонун ҳужжатларига киритилган янгиликлар ҳақида тушунтиришлар берилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати