Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Сирдарёда маъмурий қамоққа олинган шахсларга яратилган шароитлар ўрганилди
2023 йилнинг 10 май куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Сирдарё вилоятидаги минтақавий вакили Ш.Алимов томонидан Сирдарё вилоятидаги Маъмурий тартибда ҳибсга олинган шахсларни сақлаш учун Махсус қабулхонага мониторинг ташрифи амалга оширилди.

Ташриф кунида камераларда 18 нафар маъмурий қамоққа олинган эркаклар сақланаётганлиги аниқланди. Маъмурий қамоққа олинганлар орасида чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва вояга етмаган шахслар, тиббий кузатувга муҳтож бўлган шахслар мавжуд эмас эди.

Маъмурий қамоққа олинган шахслар сақлаш муддати давомида яқин қариндошлари билан бир маротаба учрашишига рухсат берилиб, учрашувга келган яқин қариндошларини рўйхатга олиш китоби, ҳамда унинг юритилиши тўғри йўлга қўйилган.

Маъмурий қамоққа олинганлар билан суҳбат ўтказилди, унда махсус қабулхонадаги шароитлардан ва озиқ-овқат таъминотидан шикоятлари йўқлиги, уларга нисбатан ноқонуний ҳаракатлар ёки қийноқлар бўлмаганлигини баён қилдилар.

Махсус қабулхонадаги ошхона кўздан кечирилганда махсус қабулхонада сақланаётганларга аутсорсинг хизмати асосида таомлар етказилаётгани ва озиқ-овқат маҳсулотлари тўлиқ ва таомномага мос берилаётгани маълум бўлди.

Тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ўрганилганда 60 турдаги дори-дармонлар мавжудлиги аниқланди.

Мониторинг якунларига кўра, аниқланган камчиликларни тезкорлик билан бартараф этилиши бўйича тавсиялар берилди.

Шунингдек, Махсус қабулхона ходимларига “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги ва “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги Қонунларининг мазмун-моҳияти тушунтирилди.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати