Дастлаб Ички ишлар вазирлиги жазони ижро этиш Департаментининг 5-минтақавий ҳудуд мувофиқлаштириш маркази тасарруфидаги 4,5,11-сонли жазони ижро этиш муассасалари шахсий таркиблари иштирокида ZOOM платформаси орқали Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги вакили ташаббуси билан ишлаб чиқилган, колонияларда жазо муддатини ўтаётган ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, маънавий-маърифий ва маданий тадбирлар режасини йил бошидан буён бажарилиши юзасидан муассаса раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.
Шунингдек минтақавий вакил томонидан қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов участкаларини ташкил этиш тартиби тушунтирилди. Қамоқда сақлаш жойларида ушлаб турилган ҳамда қамоққа олинган, шунингдек жиноят содир этганлиги учун судниг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар овоз бериш ҳуқуқига эга эканлигига алоҳида урғу берилди. Шундан келиб чиқиб, участка сайлов комиссиялари томонидан уларни сайловчилар рўйхатига киритилиши ва Конституциявий ҳуқуқларини амалга оширилишида масъул эканлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Мониторинг ташрифи давомида, жазо муддатини ўтаётган шахсларга яратилган шарт-шароитлари, жумладан, туркум ётоқхоналари, маиший хоналар, ошхоналар, ҳаммомлар, камералар аҳволи, кутубхоналар, даволаш-профилактика ёрдам кўрсатиш бўлимлари, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари, ишлаб чиқариш худудлари ва иш жойлари ўрганилиб, маҳкумлар билан жамоавий ҳамда якка тартибда суҳбатлар ўтказилди.
Шунигдек муассасаларда ўрнатилган Омбудсман қутилари кўздан кечирилди ва мурожаатлар ижро учун қабул қилинди.
Ишлаб чиқариш корхонасидаги мавжуд цехларнинг иш фаолияти, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати, маҳкумлар учун яратиб берилган шароитлар, иш ўринлари ҳамда иш давомида техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши ўрганилди. Аниқланишича, фойдали меҳнатга жалб этилган маҳкумлар махсус кийим бош ва ҳимоя воситалар билан таъминланган. Улар билан суҳбат ўтказилганда, ойлик иш ҳақларини ўз вақтида олаётганлиги, айрим маҳкумлар ортиб қолган қисмини оила аъзоларига юбораётганликларини билдиришди.
Маҳкумлар учун мўлжалланган умумий овқатланиш ошхонасидаги шароитлар ўрганилганда, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган меъёрлар талаби асосида озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланганлиги, маҳсулотларни сақланишида санитария-гигиена қоидаларига амал қилинаётганлиги, ошхона жиҳозлари ва анжомлари билан таъминланиб, зарурий шароитлар яратилганлиги маълум бўлди.
Шундан сўнг, минтақавий вакил томонидан махсус контингент учун сайёр қабул ташкил этилиб, маҳкумларнинг мурожаатлари тингланди ва шулардан 2 таси жойида ҳал этилди ва қолган 3 таси ижрога қаратилиб назоратга олинди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати