Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Уй-жойдан ҳисса ажратиш бўйича узоқ йиллар давомида сарсон бўлган фуқаро мурожаати Омбудсман ёрдамида ижобий ҳал этилди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га Жиззах вилояти, Фориш туманида яшовчи З.Ж. отасидан қолган мерос уй-жойдан ҳисса ажратишда ёрдам сўраб тегишли ташкилотларга қилган мурожаатлари бесамара бўлаётганлиги бўйича мурожаат қилди.

Мурожаат ўрганилганда аниқланишича,  мурожаатчи З.Ж.нинг отаси Б.Ж. биринчи турмуш ўртоғи вафот этгандан кейин А.У. билан қонуний никоҳдан ўтади. Уларнинг биргаликдаги турмушлари давомида фарзанди бўлмаган. Отаси 1995 йилда, турмуш ўртоғи А.У. эса 2010 йилда вафот этган.

Фуқаро З.Ж. нинг отаси Б.Ж. ва ўгай онасидан қолган уй-жойни расмийлаштириб беришни сўраб қилган мурожаатига асосан Фориш туман ҳокимлиги 2015 йил 3 мартда Фориш тумани, Осмонсой ҚФЙ, Ярашлов қишлоғидаги уй-жойларни марҳума А.У. номига расмийлаштириш ҳақида қарор чиқарган.

Шундан сўнг фуқаро З.Ж.нинг қилган мурожаатига кўп идоралар фақатгина “жавоб” бериш билан чекланган.

Фуқаро З.Ж. Омбудсманга мурожаатида отасидан қолган уй-жойдан ҳисса ажратилмаганлиги натижасида фарзандлари ва набиралари рўйхатга олинмаганлигини, шу сабабли ижтимоий ёрдам ва бошқа кўмаклардан маҳрум бўлганлигини ёзган ва қонуний асосда ёрдам берилишини сўраган.

Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига мувофиқ эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари биргаликдаги умумий мулки ҳисобланиши ҳамда Фуқаролик кодексида мол-мулкнинг васият қилинмаган қисми меросхўрлар ўртасида тақсимланиши назарда тутилган. Мурожаатчининг узоқ йиллар давомида қийналганлиги, ижтимоий шароитининг оғирлиги сабабли Омбудсман томонидан фуқаро манфаатида судга даъво ариза киритилди.

Суд фуқаро манфаатида киритилган Омбудсманнинг даъво аризани тўлиқ қаноатлантириб, фуқаро З.Ж. Б.Ж.дан қолган мулкнинг биринчи навбатдаги вориси деб топилиб, мерос мулкдан улуши белгилаб берилди.

Фуқаронинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари суд томонидан тикланганлиги унинг кўплаб идораларга қатнашига чек қўйди.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати