Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманнинг Сирдарёдаги минтақавий вакили гулистонлик фуқаролар мурожаатларини ўрганди
"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида"ги Қонуннинг 20 прим 2 моддасида Вакил фуқароларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида Ўзбекистон Республикаси қонунлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва халқаро шартномалари, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ҳамда нормалари тўғрисидаги билими ва хабардорлигини ошириш чора-тадбирларини кўриши белгиланган.

Қолаверса, Давлат раҳбарининг 2021 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра, Омбудсманнинг энг устувор вазифаларидан бири сифатида аҳоли орасида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ва миллий қонунчилик нормаларини тарғиб қилиш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга кўмаклашиш белгиланган.

Шу нуқтаи назардан республика бўйлаб аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

2023 йилнинг 26 май куни Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида Ўзбекистонда меҳнат муносабатлари, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари ҳамда камбағалликни қисқартириш масалаларига бағишланган “Омбудсман мактаби” тадбири ўтказилди.

Фуқаролар билан ўтказилган очиқ мулоқотда вилоят Адлия, Оила ва хотин-қизлар, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси, Касаба уюшмаси федерацияси вилоят бўлими масъул ходимлари, ҳокимият вакиллари, Гулистон шаҳар маҳалла фуқаролар йиғини хотин қизлар фаоллари ва фуқаролар иштирок этишди.

Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсманнинг) Сирдарё вилоятдаги минтақавий вакили Шуҳрат Алимов мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар “инсон қадри” тамойили асосида амалга оширилаётгани, қонунчиликка халқимиз фаровонлиги оширишга қаратилган кўплаб ўзгартириш ва қўшимчалар киритилаётганлигини ва Омбудсман жамоаси ушбу янгиликлардан аҳоли хабардорлигини оширишни мақсад қилганини қайд этди.

Тадбирда Янги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг фуқаролар меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнатини муҳофаза қилишдаги аҳамияти, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2023 йил 11 апрелда имзоланган “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида фуқаролар хабардорлиги оширилди.

Очиқ мулоқот ва савол-жавобларга бой тарзда ўтган тадбирда фуқароларга Омбудсман фаолиятининг асосий йўналишлари, мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларда инсон ҳуқуқларининг таъминланиши борасида Омбудсман бошчилигида амалга оширилаётган мониторинг ташрифлари ҳақида тушунтиришлар ҳам берилди.

“Омбудсман мактаби” тадбири доирасида Омбудсман минтақавий вакилига мурожаат қилишни истаган фуқаролар аризалари қабул қилинди.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати