Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман Туркия Буюк Миллат Мажлиси (Парламент) Аёллар ва эркаклар учун тенг имкониятлар қўмитаси раиси билан учрашди
2023 йилнинг 8 июль куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова Туркия Буюк Миллат Мажлиси (Парламент) Аёллар ва эркаклар учун тенг имкониятлар қўмитаси раиси Чигдем Эрдоган Атабек билан учрашди.

Муддатидан илгари ўтказилаётган Ўзбекистон Президенти сайлови жараёнини кузатиш мақсадида мамлакатимизга ташриф буюрган меҳмонга сўнгги йилларда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, гендер тенглигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан жорий йилнинг 30 апрель куни Ўзбекистон тарихида биринчи марта референдум асосида олий ҳуқуқий ҳужжат - Янги Конституция қабул қилинганлиги, унда инсон ҳуқуқлари тамойиллари энг олий қадрият даражасига кўтарилганлиги, ушбу ҳужжат гендер тенглиги ҳамда хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминланишига оид қатор янги нормалар билан бойитилганига урғу берилди.

Қолаверса, Янги Конституциянинг қабул қилинишида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг таъминланиши бўйича берган таклифларининг аксарияти қабул қилинганлиги муҳим аҳамиятига эга экани таъкидланди.

Шунингдек, суҳбат давомида, Омбудсман институтининг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, қийноқларнинг олдини олиш бўйича ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга амалга оширилаётган мониторинг ташрифлари ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик ҳақида ўзаро фикр алмашилди.

Туркия Буюк Миллат Мажлиси (Парламент) Аёллар ва эркаклар учун тенг имкониятлар қўмитаси раиси мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларни, жумладан гендер тенглигини таъминлаш борасидаги қадамларни юқори баҳолади. Айниқса Ўзбекистон ва Туркия Республикалари Президентлари ўртасидаги дўстона муносабатлар икки давлат ўртасидаги барча соҳалардаги ҳамкорликнинг мустаҳкамланишига замин яратаётганини айтиб ўтди.

Шунингдек, меҳмон Омбудсман фаолияти жуда кенг қамровли экани, айниқса, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Омбудсман институти қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Парламент Қуйи палатасига киритишга хақли экани белгилаб қўйилгани Омбудсман ваколатлари кенгайиб бораётганидан далолат эканини қайд этди.

Мазкур учрашув конструктив ва дўстона руҳда бўлиб ўтди.

Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати