Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман минтақавий вакили томонидан Сурхондарёдаги тергов ҳибсхонасида қандай камчиликлар аниқланди
2023 йилнинг 24 июль куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Сурхондарё вилоятидаги минтақавий вакили Абдурашид Артиков  9-сон тергов ҳибсхонасига мониторинг ташрифини амалга оширди.

Аниқланишича, тергов ҳибсхонанинг умумий сиғими 300 тани ташкил қилсада, ҳозирги вақтда қамоққа олинган шахслар ва маҳкумлар 438 тани ташкил қилади. Шундан 138 нафар қамоққа олинган шахслар ва маҳкумлар бинонинг таъмир талаб бўлиб қолган қисмида сақланмоқда.

Мониторингда маҳбусларнинг яшаш, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш  ва бошқа шароитлари ўрганилди. Ҳаво ҳароратининг кескин исиши сабабли камераларга вентилятор жойлаштирилгани аниқланди.

Тергов ҳибсхонадаги ходимлар ва маҳкумлар учун ташкил этилган кутубхоналар кўздан кечирилганда ходимлар учун 704 та ва маҳкумлар учун 2992 та  китоблар мавжудлиги аниқланди. Муассасада хўжалик хизматига жалб этилган маҳкумлар учун қурилган узоқ муддатли учрашув хоналари ўрганилганда, у ерда барча шароитлар яратилганига гувоҳ бўлинди. Қайд этиш лозимки, авваллари тергов ҳибсхонасида хўжалик ишларига жалб қилинган маҳкумлар оила аъзолари билан узоқ муддатли учрашувларга чиқа олмас эди. Тизимда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида маҳкумларнинг яқинлари билан учрашишларига етарли шароитлар яратилмоқда.

Мониторинг доирасида Омбудсманнинг Сурхондарё вилоятидаги минтақавий вакили Абдурашид Артиков томонидан сайёр қабул ҳам ўтказилди. Қабул давомида маҳбусларнинг ҳибсхонада яратилган шароитлар бўйича фикрлари ҳам ўрганилди.

Мониторинг якунлари бўйича Омбудсман минтақавий вакили томонидан таъмирталаб бинода сақланаётган шахсларга тегишли шароитлар яратиш, ошхонада санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш, кутубхоналарни  ҳуқуқий адабиётлар билан бойитиш бўйича ва маҳбуслар фикрларидан келиб чиқиб тегишли тавсиялар берилди.

  Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати