Қолаверса, Давлат раҳбарининг 2021 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра, Омбудсманнинг энг устувор вазифаларидан бири сифатида аҳоли орасида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ва миллий қонунчилик нормаларини тарғиб қилиш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга кўмаклашиш белгиланган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўз фаолиятининг асосий йўналишларидан бири сифатида аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунки, Омбудсманга юборилаётган мурожаатлар таҳлили сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, яшаш шароитларини яхшилаш борасидаги ислоҳотлардан хабардорлик даражаси паст эканини кўрсатди. Шунинг учун 2022 йилдан эътиборан республиканинг чекка ҳудудларида маҳаллалар кесимида фуқароларга яратилган имконият ва имтиёзлардан аҳоли хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Навбатдаги “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасидаги тадбирлар 2023 йилнинг 31 июль куни Сирдарё вилоятининг Боёвут тумани “Марказ” МФЙ Маданият истироҳат боғида ташкил этилди. Бу галги тадбир доирасида дастлаб, Омбудсман сайёр қабули, банд бўлмаган фуқаролар учун мавжуд бўш иш ўринлари ва вакант лавозимлари меҳнат ярмаркаси, аҳоли учун тор доирадаги мутахассислар иштирокида тиббий кўрик, фуқароларнинг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва имкониятлар бўйича хабардорлигини оширишга қаратилган кўргазма ташкил этилди.
Бўш иш ўринлари ва вакант лавозимлари меҳнат ярмаркасида Сирдарё вилояти Бандлик бош бошқармаси вакиллари томонидан 450 га яқин вакант иш ўринлари таклиф этилди. 4 нафар фуқаро ишга жойлашди, яна 8 нафар фуқарога йўлланма берилди. Шунингдек, фуқароларга меҳнат қонунчилиги юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар ҳам берилди.
Шунингдек, “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида фуқаролар тор доирадаги шифокорлар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди. Сирдарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан тиббий кўрикдан ўтказишда фойдаланиладиган зарурий тиббий асбоб- ускуналар ва бошқа анжомлар билан жиҳозланган микроавтобусларда шифокорлар фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиб, соғлиғини тиклашга доир зарурий тавсиялар беришди.
Тадбирда фуқароларга янги қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан аҳолининг хабардорлигини оширишга қаратилган тарқатма материаллар ҳам тарқатилди.
“Омбудсман мактаби” доирасидаги асосий тадбир “Ўзбекистонда меҳнат муносабатлари, камбағалликни қисқартириш ҳамда хотин- қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш масалалари” мавзусига бағишланди. 200 дан ортиқ фуқароларни қамраб олинган тадбир очиқ мулоқот тарзида ташкил этилди.
Тадбирдан сўнг, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг фуқаролар қабули ҳам ташкил этилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати