Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, кимё фанлари доктори, профессор, академик, «Дўстлик», «Эл-юрт ҳурмати», «Фидокорона хизматлари учун» орденлари каби давлат мукофотлари ва илмий даражалари соҳибаси бўлган Сайёра Рашидова ўзининг сермаҳсул фаолияти давомида нафақат мамлакатимизнинг илм-фан тараққиётига, балки унда инсон ҳуқуқларининг таъминланишига катта ҳисса қўшган шахс ҳисобланади. У 1995-2015 йилларда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) сифати фаолият юритган.
Мамлакатимизда Омбудсман институти 1995 йилда МДҲ ҳудудида биринчилардан бўлиб жорий қилинган бўлса, Сайёра Рашидова МДҲ давлатлари тарихидаги биринчи аёл Омбудсман сифатида тарихга муҳрланган. У Омбудсман институти ҳуқуқий пойдеворининг мустаҳкамланишига катта ҳисса қўшиб, унинг мавқеи ва салоҳиятини оширишда фидойилик ва жонбозлик кўрсатиб ишлаган.
Сайёра Шарафовна Омбудсман сифатидаги 20 йиллик фаолияти давомида 100 мингдан ортиқ фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиб, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тикланишига кўмаклашган.
Сайёра Рашидова тайёрлаган шогирдлар ҳозирда ҳам Омбудсман институтида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўналишида фаолият юритишмоқда.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) жамоаси Сайёра Рашидовани 80 йиллик юбилей билан чин дилдан муборакбод этади. Мустаҳкам соғлик, кўнгил хотиржамлиги ва улкан зафарлар доимо ҳамроҳингиз бўлсин!
Омбудсман жамоаси