Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га 2023 йилнинг 1-ярим йиллигида фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар ва уларни кўриб чиқиш натижаларига бағишланган БРИФИНГ
2023 йилнинг 1-ярим йиллиги давомида Омбудсманга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан жами 7107 та мурожаат келиб тушди. Мурожаатларнинг 12 таси белгиланган тартибда аноним деб топилган.

Такрорий мурожаатлар сони ҳисобот даврида 1746 тани ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан 125 тага камдир. Такрорий мурожаатларни камайтириш мақсадида, фуқароларга телефон орқали мурожаатлари бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилмоқда, жойларда сайёр қабуллар ташкил этилиб, вилоят, шаҳар ва туманларда аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” тадбирлари ўтказилмоқда. 

 “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 28-моддасига мувофиқ Омбудсман ходимлари томонидан такроран келиб тушган мурожаатлар бўйича 533 та далолатномалар расмийлаштирилиб, мурожаатлар ўрганилган, 740 та ҳолатда мурожаатларда кўтарилган муаммоларни ҳал этишга доир ҳуқуқий тушунтириш ва ёзма жавоб хатлари юборилган. 34 та ҳолатда мурожаатларда янги важлар ёки янгидан очилган ҳолатлар келтирилмаганлиги, мурожаатдаги материаллар ўрганиб чиқилганлиги ва мурожаат қилувчига белгиланган тартибда жавоб берилганлигини инобатга олиб, ушбу мурожаатларни кўриб чиқилишининг тугатилиши тўғрисида хулосалар расмийлаштирилди ва мурожаатчиларга бу ҳақида хабар берилган.

Жами мурожаатларнинг 27,1% фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларига, 28,7% ижтимоий ҳуқуқларга, 31,4% иқтисодий ҳуқуқларга, 10,8 % фуқароларнинг мурожаат этиш ва 1,9% экологик ҳуқуқларга оид. 

Мурожаатлар ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, энг кўп мурожаатлар Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент ва Самарқанд вилоятларидан, энг кам мурожаатлар эса Сирдарё вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасидан келиб тушган. 

Омбудсман томонидан ҳисобот даврида давлат органлари ва ташкилотлар мансабдор шахсларига 76 та таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатлар киритилди. Шундан, 12 таси тақдимнома ва 6 таси Вакил хулосаси ҳамда 58 та даъво ариза ва аризалардир. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 баробарга ошган. 

Омбудсман Котибияти ходимлари суд мажлисларида 80 маротабадан ортиқ кузатувчи сифатида иштирок этишган. 

30 га яқин фуқароларнинг асоссиз ишдан бўшатилгалиги аниқланиб, уларнинг ишга тикланишига эришилган. 6 та ҳолатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги сабабли иш берувчи (раҳбар) маъмурий жавобгарликка тортилган.

11 нафар фуқарога 1.5 млрд сўмдан ортиқ компенсация тўловлари ундириб берилди. 21 та ҳолатда фуқароларга жами 212,5 млн сўмга яқин  иш ҳақи, алимент ва бошқа тўловлар ундирилган.

2 та ҳолатда фуқароларнинг коммунал тўловлар бўйича 8 млн  сўмга яқин нореал қарздорлиги бартараф этилган. 

4 нафар фуқарога даволаниш учун 22 млн 620 минг сўм моддий ёрдам ажратилишида амалий кўмак кўрсатилди.

4 нафар фуқарога даволаниши учун Ордер олиб берилган.

1 та ҳолатда МФЙнинг тегишли тавсияномаси билан қонуний имтиёзга эга  фуқаронинг ОТМга қабул қилинишига эришилган.

“Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун интерат уйида сақланаётган 40 нафар шахсларнинг туғилганлик факти белгиланиб, уларга ID карталар расмийлаштирилган.

4 та ҳолатда ички ишлар органлари ходимларининг ноқонуний хатти-харакатлари учун уларга нисбатан хизмат текширувлари тайинланган ва интизомий жазо чоралари қўлланилган.

4 та ҳолатда Омбудсман аралашуви билан ички ишлар органлари масъуллари  томонидан қабул қилинган қарорларнинг қонунийлиги прокуратура органлари орқали текширилиб бекор қилинган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати