Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўз фаолиятида аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунки, Омбудсманга юборилаётган мурожаатлар таҳлили сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, яшаш шароитларини яхшилаш борасидаги ислоҳотлардан хабардор этиш зарурлигини кўрсатмоқда. Шунинг учун 2022 йилдан эътиборан республиканинг чекка ҳудудларида маҳаллалар кесимида фуқароларга яратилган имконият ва имтиёзлардан аҳоли хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
“Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасидаги навбатдаги тадбир 2023 йилнинг 5 сентябрь куни Фарғона вилояти Қува туманидаги 13-сонли мусиқа мактабида ўтказилди. Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Фарғона вилоятидаги минтақавий вакили ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тарғибот тадбирида туманнинг “Қайирма” ва “Сўфи” МФЙ йиғинлари фуқаролари иштирок этишди.
Тадбирда Фарғона вилояти адлия бошқармаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти Кенгаши, вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси вакиллари фуқароларга хотин-қизларга нисбатан зўравонликка оид ҳолатларга қарши кураш, Меҳнат қонунчилигига киритилган янгиликлар ҳамда аҳолининг ижтимоий заиф қатлами бандлигини таъминлаш борасида олиб бораётган фаолияти ҳақида маълумот беришди.
Ўзаро савол жавоб ва эркин мулоқот руҳида ўтган тадбирда навбатдаги Омбудсман мактабларида кўтарилиши зарур бўлган соҳалар бўйича ҳам таклифлар олинди.
Тадбирдан сўнг Омбудсманнинг Фарғона вилоятидаги минтақавий вакили 20 нафарга яқин фуқаролар мурожаатларини қабул қилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати