Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Тошкент давлат юридик университетида "Омбудсман клуби”ига аъзо бўлиш истагида бўлган талабалар билан учрашув ўтказилди
2023 йилнинг 3 октябрь куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Тошкент давлат юридик университети ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида талабалар билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Мазкур учрашув “Омбудсман клуби”га аъзо бўлиш истагида бўлган талабаларни Омбудсман фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилди.

Учрашувда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова талабаларга Омбудсман институтининг асосий фаолият йўналишлари билан таништирди.

Учрашув давомида юқори малакали юридик кадрларни тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, талабаларнинг назарий ва амалий тайёргарлиги ўртасида ўзаро алоқани таъминлаш, уларда амалий ишда зарур бўлган кўникмаларни шакллантириш, ТДЮУ талабаларини Омбудсман фаолиятига кенг жалб этиш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.

Омбудсман сўзларига кўра, 2 йил давомида “Омбудсман клуби”га аъзо бўлиш истагида 120 дан ортиқ аризалар келиб тушган. Суҳбат асосида талабалардан 40 нафари танлаб олиниб, улар университетда олган назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлашган. Йил якунида энг фаол ишлаган клуб аъзоларини фахрий ёрлиқлар билан тақдирлаш амалиёти ҳам жорий этилган. Ҳаттоки, жорий йилда ушбу клуб аъзоси Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га ишга қабул қилинган.

Тадбирда таъкидланишича, “Омбудсман клуби” аъзолари дарсдан сўнг Омбудсман институти мутахассисларига бириктирилган ҳолда мурожаатлар билан ишлаш, қабулларда иштирок этиш, жазони ижро этиш муассасаларига ўтказиладиган мониторинг ташрифларини кузатиш каби йўналишларда ўз кўникмаларини оширишлари мумкин.

Давра суҳбати савол-жавобларга бой тарзда, эркин мулоқот шаклида ўтказилди. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили талабалар томонидан берилган саволларга батафсил жавоб берди. Ушбу давра суҳбати орқали иштирокчилар Омбудсманнинг ваколатлари ва унга келиб тушаётган мурожаатлар, инсон ҳуқуқларининг кафолатланиши борасидаги халқаро ва миллий тажриба ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлишди.

Шунингдек, талабалар 2022 йилдан доимий асосда иш бошлаган Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари фаолиятини ўрганиш мақсадида улар раҳбарлигида амалиёт ўташ бўйича ҳам таклиф билдиришди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати