Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш масалалари муҳокама этилди
2023 йилнинг 8-9 ноябрь кунлари Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда “Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тарғиб этиш” мавзусида семинар ўтказилди.

Семинарда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ходимлари, Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда қайд этилишича, мамлакатимизда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш, айниқса ногиронлиги бўлган шахсларга ҳаётда тенг имконият ва шароитлар яратиш муҳим масалалардан саналади. 2020 йилнинг 15 октябрь куни Давлат раҳбари томонидан янги таҳрирдаги "Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги Қонунининг имзолангани бу борадаги ишларни янада жадаллаштирди. Мазкур қонун билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашнинг асосий принциплари белгилаб берилди, имконияти чекланган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини кафолатлашга оид қатор масалалар Қонун даражасида белгиланди. 2021 йилда эса Ўзбекистон Парламенти томонидан БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ратификация қилинди.

Мазкур Конвенция - ногиронлиги бўлган шахсларнинг тенглик асосида барча инсон ҳуқуқларини тўлиқ амалга оширишларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. У мавжуд шароитлардан фойдаланиш имконияти, шахсий ҳаракатланиш, соғлиқни сақлаш, таълим, бандлик, абилитация ва реабилитация, сиёсий ҳаётда иштирок этиш, шунингдек тенглик ва камситмаслик каби бир қатор муҳим масалаларни қамраб олади.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ногиронлиги бўлган шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш ва улар ҳуқуқларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратади. Омбудсманга 2022 йилда ногиронлиги бўлган шахслардан 96 та мурожаат келиб тушган, улардан 76 таси назоратга олинган. Ушбу мурожаатларнинг аксарияти ижобий ҳал қилиниб, мурожаатчилар ҳуқуқлари тикланган.

Бундан ташқари, Омбудсман аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, жумладан ногиронлиги бўлган шахсларга берилган турар-жой биноларидаги, шунингдек, Мурувват ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйларидаги шароитларни ҳам ўрганиб, тегишли ташкилотларга ўз хулосаларини киритиб боради. Жорий йилдаги ўрганишларда интернат уйида яшаб келаётган бир гуруҳ ногиронлиги бор инсонлар 20-30 йиллар аввал тиббий варақа орқали Мурувват уйига қабул қилингани ва ҳозирга қадар уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари йўқ экани аниқланган. Мазкур масала республика миқёсида ўрганилиб, Омбудсман томонидан ногиронлиги бўлган шахслар манфаатида фуқароликни белгилашни сўраб фуқаролик ишлари бўйича судларга ариза киритилган ва уларнинг 50 нафардан ортиғига ID-карталар расмийлаштирилишига эришилган.

Қолаверса, 2022 йилда Омбудсман томонидан Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда қийноқларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан натижадорликка эришиш, шунингдек ногиронлиги туфайли эркин ҳаракатлана олмайдиган маҳкумларга (маҳбусларга) яратилган шарт-шароитларни халқаро меъёрларга мувофиқлаштириш юзасидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган. Ҳозирда мазкур ҳужжат ижроси натижасида кўплаб пенитенциар муассасаларнинг кириш жойларига тегишли стандартга мувофиқ пандуслар ўрнатилган, кутубхоналар брайл алифбосидаги китоблар билан бойитилган, ювиниш хоналарида ҳам махсус шароитлар яратилди.

Семинарда сўз олган Омбудсман Феруза Эшматова "Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги қонуннинг 6-моддасида ногиронлик белгисига кўра камситилишга йўл қўймаслик тамойили акс эттирилгани, унга кўра, ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан ҳар қандай ажратиб қўйиш, истисно этиш, четлатиш, чеклаш ёки афзал кўриш ҳолатлари, шунингдек ногиронлиги бўлган шахсларнинг объектлар ва хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратишни рад этиш тақиқланишига алоҳида урғу берди. Шунингдек, бу жараёнда Омбудсман ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамкорлигини кучайтирилиши лозимлигини таъкидлади.  

Ўзаро савол-жавоб ва қизиқарли интерактив ўйинлар орқали ташкил этилган 2 кунлик семинар якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати