Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Бухоро вилоятидаги ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлардаги шароитлар қай ҳолатда?
Президентимизнинг 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида Омбудсман қийноқларнинг олдини олиш мақсадида Жамоатчилик вакиллари билан биргаликда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мониторинг ташрифлари тизимини йўлга қўйиш белгиланган.

Шунга кўра, Омбудсман ўринбосари, ходимлари ва Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили, Жамоатчилик гуруҳлари ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари томонидан 2023 йилнинг 16-17 ноябрь кунлари Бухоро вилоятидаги бир қатор ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мониторинг ташрифлари амалга оширилди.

Омбудсман ҳамда унинг ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари, депутат ва сенаторлар, жамоатчилик вакиллари дастлаб Қоровулбозор туманидаги 17-сон Жазони ижро этиш колониясига мониторинг ташрифини амалга оширишди.

Мониторинг ташрифида маҳкумларнинг сақлаш шароитлари, меҳнат қилиш, тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда уларга нисбатан бўладиган муносабат ва муомала ҳолатлари ўрганилади.

Маълум бўлишича, ушбу колонияда жазо муддатини ўтаётган 2 мингга яқин маҳкумларнинг мингдан ортиғи ишга яроқли. Уларнинг 85 фоизи Жиноят-ижроия кодексига кўра ижтимоий фойдали меҳнатга жалб қилинган. Колониянинг ишлаб чиқариш объектларида мебель ишлаб чиқариш, ёғочга ва темирга ишлов бериш, ғишт ишлаб чиқариш, тош кесиш, мозайка ишлаб чиқариш ва тикув цехлари ишлаб турибди. Маҳкумлар билан суҳбат давомида улар ишлаш ва ўз вақтида дам олиш учун шароитлар борлиги, иш ҳақлари ҳисоб рақамларига ўз вақтида ўтказилишини маълум қилишди.

Жамоатчилик гуруҳи аъзолари ногиронлиги бўлган маҳкумларга яратилган шароитларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратишди. Қайд этиш жоизки, 2022 йилда Омбудсман томонидан масъул идоралар билан ҳамкорликда қийноқларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан натижадорликка эришиш, шунингдек ногиронлиги туфайли эркин ҳаракатлана олмайдиган маҳкумларга (маҳбусларга) яратилган шарт-шароитларни халқаро меъёрларга мувофиқлаштириш юзасидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган. Мазкур ҳужжатнинг ижро этилиши натижасида ушбу колония кириш жойига тегишли стандартга мувофиқ пандуслар ўрнатилган, кутубхоналар брайл алифбосидаги китоблар билан бойитилган, ювиниш хоналарида ҳам махсус шароитлар яратилганига гувоҳ бўлинди.

Шунингдек, колонияда 32 нафар ногиронлиги бор маҳкумлар жазо муддатини ўтамоқда. Уларнинг 1 нафари мустақил ҳаракатлана олмайди. Шунинг учун унга алоҳида маҳкум бириктирилган ва ушбу бириктирилган маҳкумга ойлик маоши тўлаш йўлга қўйилган. Ушбу амалиёт Омбудсман ташаббуси билан тасдиқланган юқоридаги “Йўл харитаси”га асосан жорий этилган.

Мониторинг доирасида маҳкумлар билан жамоавий ва якка тартибда суҳбатлар ўтказилди. 20 нафарга яқин маҳкумларнинг мурожаатлари қабул қилинди.

Жамоатчилик гуруҳи аъзолари Бухорога ташрифи доирасида 1-сон жазони ижро этиш колониясига ҳам мониторинг ташрифини амалга оширишди. 1,5 минг нафардан ортиқ маҳкумга мўлжалланган ушбу колонияда 900 нафарга яқин шахс жазо муддатини ўтамоқда. Колонияда 8 та ишлаб чиқариш цехи мавжуд бўлиб, ишга яроқли маҳкумларнинг 80 фоизи ушбу цехларда фойдали меҳнатга жалб этилган.

Қувонарлиси, ушбу муассасада Омбудсман тавсиясига кўра, маҳкумлар учун барча шароитларга эга бўлган замонавий жиҳозланган узоқ муддатли учрашув маскани қуриб фойдаланишга топширилган.

Шунингдек, омбудсман ходимлари ва Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари 4-сон Тергов ҳибсхонасида яратилган шароитларни ҳам ўрганишди.

Мониторинг ташрифи давомида аниқланган камчиликлар юзасидан уларни ўз вақтида бартараф этилишини таъминлаш мақсадида мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг тавсиялари киритилади.

Эслатиб ўтамиз, Омбудсман томонидан қийноқларни олдини олиш бўйича мониторинг ташрифлари якуни юзасидан тайёрланган таҳлилий маълумотлар, жумладан мониторинг жараёнида аниқланган камчиликлар тегишли давлат органлари билан бир қаторда Олий Мажлис палаталарига ҳам тақдим этиб келинмоқда.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати