Тадбирда Конституцияга киритилган асосий ўзгаришларнинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида тўхталиб ўтилди, фикр алмашилди. Хусусан, Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг ваколатлари сезиларли даражада кенгайиб, икки палата ишидаги такрорланишлар бартараф этилганлиги, ҳар бирининг масъулият соҳаси аниқ белгиланганлиги масаласи иш самарадорлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Шунингдек, янги таҳрирдаги Конституция судлар тизими фаолиятига ҳам янгича мазмун олиб кирганлиги, яъни эндиликда Конституциявий суд судяларини қайта сайланиш ҳуқуқисиз 10 йилга сайлаш тартиби белгиланганлиги, Конституциявий судга фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан мурожаат қилишга ҳақли эканлигига оид махсус норма ўрнатилганлиги фуқароларга ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга замин яратиши эътироф этилди.
Давра суҳбатида сўзга чиққанлар янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамиятимизни жипслаштирганлиги, унда барча қатлам манфаатлари инобатга олинганлиги, уни ишлаб чиқишда кенг жамоатчилик, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, экспертлик ва илмий доиралар вакиллари, зиёлилар фаол иштирок этганлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, жамиятни янада тараққий эттиришга, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўлақонли таъминланишига хизмат қилади.
Тадбир якунида иштирокчилар томонидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.